«Юксалиш» умуммиллий ҳаракатида «Марказий Осиё: минтақавий ўзаро ҳамкорликдан қўшма барқарор ўсишга» мавзусида халқаро мунозара бўлиб ўтди.

Экспорт ташқи савдода муҳим кўрсаткич бўлиб, Ўзбекистон учун экспорт бозорларининг аҳамиятини кўрсатади. 2020 йилда Ўзбекистоннинг умумий экспортида Марказий Осиё давлатларининг улуши 14, 5 фоизни ташкил этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятининг ўсиш истиқболлари дастлабки таҳлили тақдим этилди.

– 2017-2019 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари билан товар айланмаси деярли икки бараварга – 2,7 миллиард доллардан 5,2 миллиард долларгача ошган, – дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директорининг ўринбосари Умид Обидхўжаев. – Хусусан, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тадқиқотининг бир қисми сифатида амалга оширилган ташқи савдо гравитацион модели ёрдамида экспорт ва импорт оқимларига Минтақавий савдо шартномалари (МСШ) тузилишининг таъсирини баҳолаш шуни кўрсатдики, МСШда қатнашиш Ўзбекистоннинг икки томонлама экспорт ва импорт ҳажмини икки баравар ошириши мумкин. Олинган эластиклик коэффициентлари бир қатор муҳим хулосалар чиқаришга имкон беради.

Олинган коэффициентлар шуни кўрсатадики, Минтақавий савдо шартномаларида (МСШ) иштирок этиш, қолган барча шартлар тенг бўлган ҳолда, Ўзбекистон экспортининг ўртача 140,4 фоизга ошишига олиб келади.

Тадбирда қайд этилишича, импорт қилувчи мамлакатларда ўзбек товарларига божларнинг жорий этилиши Ўзбекистон экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Марказий Осиё мамлакатлари томонидан ички бозорларга ўзаро киришни кенгайтириш асосан тайёр маҳсулотлар экспортини кўпайтириш бўйича улар томонидан қўйилган вазифаларни ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин, чунки бу мамлакатлар рақобатчилар эмас, балки бирламчи бўлмаган товарлар учун ўзаро савдо бўйича шериклардир.

Хусусан, товар ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт имкониятларини ошириш Марказий Осиё минтақасида минтақавий қиймат занжирларини, шу жумладан, саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерларини яратишга ҳисса қўшиши мумкин, бу эса транзакция харажатларини камайтиришда компенсацион таъсир кўрсатади.

Экспертлар Марказий Осиё мамлакатларида инфратузилма лойиҳаларига сармоя киритиш ўрта муддатли истиқболда ривожланишнинг муҳим шарти эканлигини таъкидлади.

Осиё тараққиёт банкининг маълумотига кўра, Осиёда 2030 йилгача ҳозирги иқтисодий ўсишни сақлаб қолиш учун тахминан 22 триллион долларга яқин инфраструктура сармояси зарур бўлиши тадбирда қайд этилди. Бундай инвестициялар шу билан аҳамиятлики, уларнинг ижобий билвосита таъсири давлат чегараларида тўхтаб қолмайди, яъни бу кўп томонлама наф келтиради.

 

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА