Пойтахтимизда 6-8 май кунлари CFI минтақавий форуми бўлиб ўтмоқда. Форум Франциянинг Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондаги элчихоналари, шунингдек, ўзбекистонлик маҳаллий ҳамкорлар:Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Франциядан 120 нафар иштирокчи, жумладан, 40 нафар маърузачи: журналистлар, ОАВ вакиллари, ОАВ экспертлари ва ҳукумат вакиллари, шунингдек, инфлюенсерлар, етакчи блогерлар уч кун давомида журналистика амалиёти ривожи ва унинг замонавий муаммолари билан боғлиқ бўлган турли мавзуларда Марказий Осиё минтақасининг ўзига хослигини ҳисобга олган холда биргаликда ишлайдилар.

Ўтказилаётган форум дастуридан дезинформация, журналистика этикаси, медиа таълим, журналистиканинг замонавий муаммолари, Марказий Осиё ОАВлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича давра суҳбатлари, ҳамда фактчекинг, медиасаводхонлик, рақамли ва жисмоний хавфсизлик бўйича семинарлар ўрин олган.

Хулоса қилиб айтганда, Тошкент минтақавий форуми таниқли журналист ва экспертларни ўз тажрибалари, ютуқ ва қийинчиликлари, ўз қарашлари билан ўртоқлашиш, эҳтиёжларини билдириш мақсадида бир жойга жамлаш учун ноёб имкониятдир.

М.Турдалиева, Н. Абдувоитов (видео), ЎзА