2-3 май кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган III Халқаро инвестиция форумини 112 нафар хорижий журналист бевосита ёритиб борди. Буюк Британиядан келган халқаро журналист Раза Сйед юртимиз ҳақидаги фикрларини ЎзА мухбири билан ўртоқлашди.

Ўзбекистонга келишдан олдин мамлакатингизни бошқача тасаввур қилардим. Рости, йўлга чиқишим билан фикрим ўзгарди. Юртингизга хорижликларнинг қизиқиши бу даражада юқорилигини билмагандим. Англиядан учган самолётда бўш жой йўқ эди. Ёнимда ўтирган йўловчидан Ўзбекистонга нима иш билан бораётганини сўрадим. У шундай жавоб берди:

– Ўзбекистон хавфсиз, тинч ва бетакрор диёр. Бу диёрдаги тарихий шаҳарларни кўриш учун кўп бор саёҳатга борганман.

Менимча, дунё халқлари Ўзбекистондаги имкониятларни ўз кўзлари билан кўришга интилмоқда.

Тошкент жадал ривожланмоқда. Ўйлайманки, келгусида мамлакатингиз Марказий Осиёдаги етакчи давлатга айланади. Бунинг учун салоҳият етарли.

Буюк ипак йўли ҳақида гап кетса, ҳамманинг кўз олдига Тошкент, Бухоро, Самарқанд келади.

Ўтган йилги форум дунё ОАВда кенг ёритилганда ушбу тадбирда қатнашишни орзу қилгандим. Бу йил шундай имкониятга эга бўлдим, жуда мамнунман.

Президент ўз нутқида мамлакатдаги чексиз имкониятлар ҳақида сўзлади. Айни маълумотлар мени ҳайратга солди. Бемалол айта олманки, Ўзбекистон   чексиз имкониятлар мамлакати. Бу диёр нафақат инвесторлар, балки талабалар, IT соҳаси, умуман турли соҳа вакиллари учун жозибадор.

Анжуман давомида ОАВ вакиллари учун қулай шароит яратиб берилди. Хабарлар – матн, видео ва суратларни тезкорлик билан нашрларимизда ёритиб бордик.

Гўзал Сатторова,

Нишонбой Абдувоитов (видео) тайёрлади. ЎзА