Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор масалаларни кўриб чиқиш режалаштирилган.

Мажлисда дастлаб “Ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳаси билан ярашув институтига кирувчи маъмурий ҳуқуқбузарликлар доирасини кенгайтириш белгиланмоқда. Яъни, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги моддалар сонини 12 тадан 15 тагача кўпайтириш орқали ярашув тўғрисидаги институтни қўллаш доирасини кенгайтириш таклиф этилмоқда. Бу ўз навбатида, одамлар, айниқса, қариндошлар, яқинлар ва танишлар ўртасида келиштирадиган тартибнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Шунингдек, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашувига ёки меҳнат қобилиятининг унча узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан баданга енгил шикаст етказиш билан боғлиқ жиноий қилмишни декриминализация қилиб, уни маъмурий ҳуқуқбузарлик тоифасига ўтказиш, шунингдек, ушбу ҳуқуқий нормани янги квалификация белгилари билан тўлдиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича ярашув институтини таъсир этиш доирасининг кенгайтирилишига ҳамда мамлакатимиздаги криминоген вазиятнинг яхшиланишига хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

 

М.Комилова,  

ЎзА