Ўзбекистон ва Жанубий Корея давлатлари парламентларининг алоқалари ҳозирда янги босқичга кўтарилди. Яқин дўстлик алоқалари стратегик шериклик муносабатлари даражасида ривожланиб бормоқда.

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Корея Республикасининг Миллий Ассамблеяси делегациясини қабул қилди ва улар билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича фикр алмашди.

Савдо ва инвестиция кўрсаткичлари барқарор ўсиб бораётгани, мамлакатимизда Корея капитали иштирокида қарийб мингта корхона фаолият юритаётганига эътибор қаратилди. Бу борадаги кўрсаткичларни ошириш мақсадида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Корея тажрибаси асосида “КОICA” халқаро ҳамкорлик агентлиги кўмаги билан Ўзбекистонда “Электрон парламент” тизимини жорий қилиш грант лойиҳасининг амалга оширилиши муҳокама қилинди.

Яқинда сайланган Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси қўмиталари билан Олий Мажлис Сенати қўмиталари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни кучайтириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.

Жанубий Кореянинг бой тажрибасини инобатга олган ҳолда аёллар бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, бизнесни бошқариш салоҳиятини ошириш йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишни рағбатлантириш лозимлиги таъкидланди.

Парламент даражасида Кореядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари учун қулай шароитлар яратиш масаласида ҳам фикр алмашилди. Икки давлат ўртасида таълим, соғлиқни сақлаш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларида биргаликда янги лойиҳаларни ишга туширишга келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА