Шу йилнинг 30 апрель куни давлатимиз раҳбарининг “2024 йилда ипотека кредитларини ажратиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат мамлакатимизда уй-жой соҳасидаги ислоҳотларни самарали ташкил этиш, “Янги Ўзбекистон” массивлари ва замонавий кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтиришни кўзда тутади.

Шу билан бирга, ипотека кредити бозорини янада ривожлантириш ҳамда банклар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан ажратилган кредитларни қайта молиялаштириш механизмларини амалиётга жорий қилишни назарда тутади.

– Мазкур ҳужжат билан жорий йилда ҳудудларда замонавий архитектура кўринишига эга 100 мингта квартирадан иборат бўлган кўп қаватли уй-жойлар қуриш мақсад қилинган, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов. – Шунингдек, қурилиш ташкилотларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга бозор тамойиллари асосида ажратилган кредитлар бўйича компенсация ва кафилликлар тақдим этилиши ҳам белгилаб берилмоқда. Дарвоқе, ипотека кредитларини молиялаштиришга давлат бюджети, “Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” ҳамда банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан камида 17 триллион сўм маблағ йўналтирилади. Яна бир жиҳат, келгуси йил 1 январдан бошлаб кўп қаватли уй-жойлар қуриш жараёнларига “яшил” уй-жой стандартлари кенг жорий қилинади.

2024 йил 1 июндан бошлаб “маҳалла еттилиги” тавсияси асосида Камбағалликдан чиқариш дастурига киритилган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга якка тартибдаги уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш учун 120 миллион сўмгача ипотека кредитлари ажратиб берилади.

Шунингдек, “Янги Ўзбекистон” массивларида кўп қаватли уй-жойлар қурилишида иштирок этадиган қурилиш ташкилотларининг айланма маблағларини тўлдириш учун республика бюджетидан 500 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

“Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” томонидан қурилиш ташкилотларига Тошкент шаҳрида – 9 ва ундан юқори, бошқа шаҳарларда – 7 ва ундан юқори, қишлоқ жойларда эса  5 ва ундан юқори қаватли уй-жойлар қуриш учун ажратилган миллий валютадаги кредитлар бўйича 24 ойдан кўп бўлмаган муддатга “1+1” тамойили асосида ҳудудларнинг тоифасидан келиб чиқиб кафиллик ва компенсациялар тақдим этилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб қурилиш ташкилотларига “яшил” уй-жой стандартлари талаблари асосида кўп квартирали уй-жойларни қуриш учун Марказий банкнинг асосий ставкасидан бир фоиз бандга юқори ставкада кредитлар ажратилади.

2024 йил 1 майдан бошлаб бирламчи уй-жой бозоридаги квартираларни сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишда ипотека предметини суғурта хавфларидан суғурта қилиш талаби бекор қилинади.

“Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимидаги электрон рейтинг баҳоси “С” бўлган ташкилотларга беш қаватдан юқори бўлмаган, “СС” бўлган ташкилотларга эса тўққиз қаватдан юқори бўлмаган уй-жойларни қуришга рухсат берилади.

Аҳолининг пул маблағларини уй-жойлар қуришга жалб қилиш тартибини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, янги тизим амалиётга жорий этилади.

Бунда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида уй-жойлар қуришга жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини жалб қилувчи пудрат ташкилотларининг электрон рўйхатини юритиш мақсад қилинган.

Шунингдек, электрон рўйхатдан ўтмасдан улуш киритиш асосида кўп қаватли уй-жойлар қуришни бошлаган пудрат ташкилотларига нисбатан жавобгарлик чораларини белгилаш, улуш киритиш асосида уй-жойлар қурилишини мониторинг қилиш тартибини белгилаш ҳам кўзда тутилмоқда.

Бунда улуш киритиш асосида кўп қаватли уй-жойларни қуришда иштирок этиш тўғрисидаги шартномаларни мажбурий равишда нотариал тасдиқлаш тартибини жорий қилиш ҳам белгилаб қўйилмоқда.

 

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА