Миллий гвардия Жамоат хавфсизлиги университетида илк маротаба Идоралараро мутахассис-кинологлар ўртасида «Хизмат итлари» мусобақаси бўлиб ўтди.

Мусобақани Қозоғистон ва Қирғиз Республикасидан келган Халқаро полиция ассоциацияси вакиллари кузатиб боришди.

Унда Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Жамоат хавфсизлиги университети мутахассислари ўзларига бириктирилган хизмат итлари билан иштирок этди.

Мутахассис-кинологлар махсус белгиланган майдонда 50 дан ортиқ 3 ойликдан 8 ёшгача бўлган Немис, Шарқий Европа, Ўрта Осиё ва Бельгия овчаркалари ҳамда Лабрадор зотларига мансуб хизмат итлари кўргазмасида ўз мансублиги бўйича беллашди.

Мусобақа жараёнларида мутахассис-кинологларнинг жисмоний тайёргарлиги ва касбий маҳоратларига, шунингдек, энг яхши кинологлар ҳамда экстремал вазиятларда лозим вазифаларни бажариш каби номинациялар бўйича хизмат итларининг тайёргарлик даражасига баҳо бериб борилди.

Қизиқарли шартлардан иборат беллашувлар жараёнларини Қозоғистондан келган халқаро тоифадаги ҳакам Нина Макелова бошқариб борди.

Қизиқарли ва ўзига хос байрамона тарзда ўтган мусобақада «Буюмларни танлаб топиш йўналишида» Миллий гвардия жамоаси биринчи, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жамоаси иккинчи, Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати жамоаси эса учинчи эгаллади.

«Одамни топиш йўналиши» бўйича ўтган танловда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги жамоаси ғолиб бўлди. Миллий гвардия Қўриқлаш хизмати ва Ички ишлар вазирлиги жамоаси кейинги поғоналардан жой олишди.

«Умумий машқ курси»да Божхона қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия совриндор бўлди.

Кичик ва катта ёшли ит зотлари ўртасидаги мусобақада Жамоат хавфсизлиги университети жамоаси 1-ўринга лойиқ  топилди.

Ғолиб жамоалар ташкилотчилар — Миллий гвардия, Халқаро Полиция Aссоциацияси ва Жамоат хавфсизлиги университети томонидан кубок, медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Т. Рўзиев, ЎзА