Бугун пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” марказий кўргазмалар мажмуида “Ишлаб чиқариш технологиялари. Ёғочсозлик. Мебель ва бутловчи қисмлар – MebelExpo Uzbekistan 2024” 20-юбилей халқаро кўргазмаси очилди.

“Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада 14 мамлакатдан 144 та компания ёғочсозлик ва мебель, бутловчи қисмлар, мебель кимёси, фурнитура, аксессуарлар, тайёр мебеллар каби маҳсулотларини тақдим этмоқда.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда мамлакатимиз аҳолисининг фаровон турмушини таъминлаш муҳим вазифа саналади. Шу сабабли, юртимизда турар-жой мажмуалари, ижтимоий инфратузилма объектлари, офис бинолари ва бизнес марказлари бунёд этилаяпти. Бундай улкан бунёдкорлик ишлари эса ёғочсозлик, мебель ва бутловчи қисмларга бўлган талабнинг ошишига замин яратмоқда.

–Қувонарлиси, бугун халқимиз замонавий шарт-шароитда яшашга интилмоқда. Ҳар бир хонадон эгаси ўз уйини мебеллар билан жиҳозлаб, фарзандлари учун қулайликлар яратяпти. Бу эса аҳолининг сотиб олиш қобилияти ошиб бораётганидан далолат беради. Талаб ва эҳтиёж маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун катта имконият ҳисобланади. “MebelExpo Uzbekistan 2024”  кўргазмаси эса ана шундай соҳа вакилларига катта майдон очиб беради.  Яъни, улар кўргазма экспозицияси билан танишиб,  ҳамкор излайди ва  соҳага доир замонавий технологияларнинг энг илғор намуналари билан танишади. Эътиборлиси, кўргазмада Австрия, Беларусь Республикаси, Германия, Эрон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон каби мамлакатлардан корхона ва компаниялар маҳсулотларини таклиф этмоқда. Айниқса, Туркия миллий павильони, Россия Федерациясининг Ярославль области компанияларининг жамоавий стенди намойиши янада иштирокчиларга манзур бўлади, деб ўйлаймиз, – деди “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова.

Юртимизда ёғоч ва ёғочсозлик саноати хомашё базасини мустаҳкамлаш, мебель саноатида ёғоч маҳсулотлари хомашёсига бўлган эҳтиёжни қондириш, уларни импорт қилиш ҳажмини камайтириш ҳамда мебель ва ёғочсозлик саноатини янада ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.  Кичик ва ўрта бизнес субъектлари учун имтиёзлар яратилмоқда. Бундай қулайликлар эса шу соҳа равнақида муҳим омил бўлмоқда.  Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг бу борада эришган ютуқларини кўргазмада янада яққол намоён бўлганини кўриш мумкин.

“MebelExpo Uzbekistan 2024” халқаро кўргазмаси 30 май куни ўз ишини якунлайди.

 

Насиба Зиёдуллаева,  

ЎзА