Мамлакатимиз делегацияcи Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилотининг 91-сессиясида иштирок этмоқда.

Сессия доирасида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси раиси Баҳром Норқобилов бошчилигидаги делегация аъзолари ва Жаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти Бош директори Моника Элуа ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда юртимизда ветеринария соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларни жадаллаштириш юзасидан фикр алмашилиб, 2023 йилнинг декабрь ойида Жаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти экспертлари томонидан юртимизда амалга оширилган Аквакултура миссияси якунлари сарҳисоб қилинди.

Шунингдек, миссия хулосасидаги тавсияларни амалга ошириш бўйича Жаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилотининг Остонадаги субрегионал офиси билан ҳамкорликда «Йўл харитаси» ишлаб чиқиш, ветеринария соҳасида давлат-хусусий шерикчилик тамойилини йўлга қўйишда кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Моника Элуа ушбу масалаларда Ўзбекистонга яқиндан ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.

Мамлакатимизда ветеринария соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ҳамда ветеринария хизмати салоҳиятини баҳолаш бўйича ПВС миссиясининг иккинчи босқичини ташкиллаштириш бўйича келишувга эришилди.

Учрашув сўнгида жорий йилда Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган Жаҳон ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш ташкилоти Европа минтақавий комиссиясининг 31-конференциясига тайёргарлик ишлари муҳокама қилиниб, ташкилий масалалар бўйича ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этишга келишилди.

ЎзА