Пойтахтимизда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Кексаларнинг ҳуқуқ ва танловларини таъминлаш: Ўзбекистон фаол кексайиш индексини тадқиқ этиш” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда мамлакатимиз ва хорижлик олимлар, экспертлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.

“Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари  Зулайҳо Маҳкамова янгиланиш жараёнларида Ўзбекистонда оила ва болалар манфаатларини таъминлаш, кекса авлод, имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, улар учун зарур  шароитларни яратиш борасида кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади. Дунёга ижтимоий давлат сифатида танилаётган янги Ўзбекистонда бу борадаги ижобий ўзгаришлар адолат, очиқлик, тенглик, ҳаққонийлик тамойиллари асосида олиб борилаётгани билан аҳамиятли.

– Демографик ўзгаришлар БМТ дастурларида муҳим ўрин тутади, – деди БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси доимий вакили Нигина Абасзода. – Бу дастурларда кексаликка ҳам муаммо, ҳам имконият сифатида қаралади. Ўзбекистон мисолида оладиган бўлсак, мамлакатингизда кексаликка катта имконият сифатида эътибор қаратилаётгани гувоҳи бўлиш мумкин. Ўзбекистонда ёши кексалар муттасил ва энг кўп ортиб бормоқда. Бу халқ ҳаётининг фаровонлашуви, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилаётганидан далолатдир. 2050 йилга келиб, кексалар сони сезиларли даражада ортиши  кутилмоқда. Ёши улуғ инсонларни эътиборсиз қолдирмаслик, фаол кексайиш индексини янада такомиллаштириш долзарбдир. Ўзбекистон фаол кексайиш индекси, ёши улуғ инсонларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш бўйича ибратли мамлакат саналади. Кўпинча кексаликка хавотир билан қаралади. Лекин Ўзбекистонда барча оила аъзоларининг бирга яшаши, маҳаллалар томонидан нуронийларга катта эътибор қаратилиши, кучли ижтимоий сиёсатнинг олиб борилаётгани диққатга сазовор.

– Мамлакатимизда катта авлод вакилларининг ҳурматини жойига қўйиш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатишнинг аниқ механизми яратилган, – деди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси ўринбосари Абдулло Аслонов. – Кексаларга муносиб турмуш шароитини яратиш, саломатлигини асраш, ёлғиз, бемор нуронийларнинг соғлиғини ҳимоялаш бўйича бир қатор ижтимоий-тиббий лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айни пайтда фуқароларнинг пенсия ёшига етганида меҳнат шартномаларини сақлаб қолиш, ижтимоий ҳимоя тизимини янада яхшилаш бўйича қонуний чоралар кўрилмоқда. Оғир хасталиги бор беморларни дори-дармон, протез-ортопедия воситалари билан таъминлашдаги имтиёзлар, кексаларнинг спорт билан шуғулланиши учун имтиёзли абонементлар тарқатиш, театрлар, саёҳатларга олиб боришда қатор имкониятлар ишга солинмоқда. Айни пайтда ёлғиз кексалар учун 11 йўналишдаги ахборот-сервис ижтимоий хизмати йўлга қўйилгани эътиборлидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раисининг ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев Ўзбекистонда барча тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари тенг таъминланаётгани, меҳнат миграцияси муносабати билан ижтимоий суғуртани кучайтириш, нафақаларга қўшимча ҳақ тўлашда коррупциянинг олдини олиш муҳимлигига эътибор қаратди.

Давра суҳбатида кексаларнинг саломатлик даражаси, иқтисодий фаоллиги,  турмуш шароити, жамиятдаги ўрни каби масалалар атрофлича муҳокама этилди. Ёши улуғ кишиларнинг соғлом ва фаол умр кўриши учун қулай шароит яратиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди. Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқаро экспертлар иштирокида тақдимотлар, маърузалар, муҳокамалар ўтказилди.

Жумладан, Молдова Миллий иқтисодий тадқиқотлар институти демографик тадқиқотлар маркази раҳбари Мариана Бучучану-Врабие фаол кексайиш бўйича миллий режани ишлаб чиқиш ва амалиётга қўллаш, бу борада Молдова таржибаси хусусида батафсил тўхталди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг Кексайиш ва саломатлик масалалари бўйича координатори Ёнгжи Ёнг Ўзбекистоннинг соғлом ва фаол кексайиш бўйича миллий стратегияси, ҳаракат режасини ишлаб чиқиш бўйича тайёргарлик ишлари ҳақида маълумот берди.

2012 йилда БМТ турли мамлакатларда аҳолининг фаол ва соғлом кесайиши учун фойдаланилмаган салоҳиятини баҳолаш мақсадида Фаол кексайиш индексини жорий этди. Унда кексаларнинг қай даражада мустақил ҳаёт кечириши, ҳақ тўланадиган меҳнат ва ижтимоий фаолиятда қатнашиши, нуронийларнинг фаол кексайиш имконияти ўлчанади. Индекс фаол кексайишнинг кучли ва заиф томонларини таъкидлаб, сиёсат ва стратегияни ишлаб чиқиш ҳақида маълумот беради.

Ўзбекистон ҳукумати фаол кексайиш индексини илгари суриш тарафдори экани аҳамиятлидир. Президентимизнинг 2022 йил 15 мартдаги тегишли қарори билан илғор халқаро тажриба асосида Ўзбекистонда фаол кексайиш индексини жорий этиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш белгиланган.

Давра суҳбатида мамлакатимизда кексаларни соғломлаштириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий ҳимояни янада яхшилаш зарурлиги хусусида сўз борди. Муҳокама этилган мавзу бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Назокат Усмонова,

Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА