Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Тошкент ва Хива шаҳарларида икки кун давом этган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги нуфузли халқаро конференция иши якунига етди.
Халқаро нуфузли конференциянинг тўртинчи шуъбаси Хива шаҳрида муқаддас Қуръон тиловати билан бошланди.
Анжуманда Халқаро мусулмон уламолари кенгаши раиси Али Муҳйиддин Қорадоғий, Мусулмон донишмандлари кенгаши ҳузуридаги Тинчлик тадқиқотлар маркази ижрочи директори Самир Будинар, Миср муфтийси, доктор Назир Муҳаммад Айёд, Ҳиндистон “Дар ал-Ҳуда” Ислом университети проректори Жамолуддин Надави, Булғор ислом академияси доктори Сайфул Асрий, Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Таған ўғли, Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез, Туркия Текирдағ университети профессори Халит Эрен, Франция миллий илмий тадқиқотлар маркази лойиҳа директори Карим Ифрак маърузалар қилди.
Нотиқлар, жумладан, қатнашчилар юртимиздан буюк аллома ва уламолар етишиб чиққани, уларнинг илмий меросини ўрганиш бугунги кунда нақадар муҳим эканлиги, шунинг билан бирга, уларда Исломнинг асл инсонпарварлик моҳияти очиб берилгани, энг улуғ неъматлардан бўлган тинчлик ва омонликни асраб-авайлаш борасида долзарблигини йўқотмайдиган чақириқлар акс этганини таъкидлашди.
– Бугунги халқаро учрашув ҳам фойдали ва самарали бўлганига ишончим комил, – дейди Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, бош муфтий Наврўзбай Таған ўғли. –Ислом дини ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратишини яхши биламиз. Инсонларнинг ижтимоий хавфсизлигини фақат ислом дини тўлиқ таъминлай олади, десак, адашмаган бўламиз. Бу масала бўйича амалга оширилган ишлар билан бир қаторда унинг ўзига хос хусусиятлари, муаммолари ҳам бор. Бироқ бугунги учрашувимиз ана шу муаммоларни ҳал этиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири, дейиш мумкин. Ижтимоий ҳимоя деганда, аввало, кам таъминланганлар, муҳтожлар кўз олдимизга келади. Ҳа, ҳар бир жамиятда бой ва камбағал, кучли ва заиф, соғлом ва касал ёнма-ён яшайди. Бироқ барчамиз Худо олдида тенгмиз, фақат баъзи ҳолатларга кўра ҳуқуқ ва бурчларимизда тафовутлар бўлиши мумкин. Кўрларга ёрдам бериш, кар ва соқовлар билан тушуниш даражасида мулоқот қилиш, муҳтожни керакли жойга етаклаб бориш, дарддан қутулиш йўлини излаётган жабрланувчига, заиф ва гапиришда қийналадиган кишига ёрдам бериш – буларнинг барчаси садақадир. Ҳар бир яхши сўз ҳам хайр-эҳсондир.
Конференсия ишида ҳозирги пайтда исломофобия, айрим давлатлар ўртасида турли мажоролар давом этаётгани, глобаллашувнинг салбий жиҳатлари авж олаётгани қайд этилиб, бу каби муаммоларнинг олдини олиш учун Ислом дини таълимотларини чуқур ўрганиш, ёшлар ўртасида илмни тарғиб қилиш лозимлиги қўллаб-қувватланди.
– Олим сифатида ёшларга, ушбу анжуманни кузатиб борган соғлом фикрли кишиларга айтар сўзим шуки, мутаассиб фикрларга эргашаётганлар билиб қўйсин, Ислом – эзгулик дини. У ҳеч қачон қон тўкишга, зўравонлик қилишга ундамайди. Муқаддас ислом номидан амалга оширилаётган хунрезликларнинг буюртмачилари мўминлардан эмас, – деди Булғор ислом академияси доктори Сайфул Асрий. – Ислом маърифатини, унинг инсонпарварлик ғояларини, бағрикенглик борасидаги тавсияларини ўрганмоқчи бўлганлар, бузғунчи тоифаларнинг етакчиларига эмас, соф тафсирга, Расулимиз саллолоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига таянган ҳолда сабоқ бераётган, бирор-бир юртда фитнага ёки ихтилофларга сабаб бўлмаган, ҳур фикрли олимларимизнинг фикрларига эътибор қаратсинлар. Чунки, мутаассиб фикрларга қўшилишнинг оқибати яхшилик билан тугамайди. Ким динда чуқур кетса, у адашади. Жаҳондаги бир қанча мамлакатларни катта ташвишларга солаётган бу фитналарга куч билан эмас, маърифий ёндашув билан ечим топишни таклиф этган Ўзбекистон Президентининг барча чақириқларини биз олимлар бир овоздан қўллаб-қувватлаймиз. Бир сўз билан айтганда, бу чақириқ фақат ислом уммати учун эмас, балки бутун башарият учун нажот садосидир.
Маърузалардан сўнг иштирокчилар мавзу доирасида бир қатор эзгу ташаббусларни илгари сурдилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат йўлладилар.
Шунингдек, “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференциясининг якуний декларацияси қабул қилинди.
Нуфузли анжуман иштирокчилари Хива шаҳридаги Ичан қалъа мажмуасининг асори- атиқалари билан танишиб, муқаддас қадамжоларини зиёрат қилдилар.
ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган “Очиқ осмон остидаги музей” сифатида танилган Хива яхлит ёдгорлик сифатида Марказий Осиёда сақланиб қолган ягона шаҳар ҳисобланади. Бу ерда 120 дан ортиқ меъморий обида жойлашган. Шаҳар 2020 йилда Туркий дунёнинг маданий пойтахти, 2024 йилда эса Ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлди.
Меҳмонлар танишувни «Ота дарвоза»дан бошлаб, ноёб «Кўҳна арк» мажмуаси, Шерғозихон мадрасаси, Паҳлавон Маҳмуд мақбараси, Жума масжиди ва бошқа обидаларда давом эттирди.
– Ўзбекистонда муқаддас жойлар, қадамжолар жуда кўп, – дейди Ал Азҳар билим юрти кафедра бошлиғи Авод Маҳмуд Салим. – Уларнинг тарихини ўрганган киши шу юртни севиб бораверади. Чунки, бу заминдан Ал Хоразмий, Маҳмуд аз-Замахшарий каби буюк алломалар, дунёга донғи кетган диний уламолар етишиб чиққан. Қадим шаҳарнинг бугунги кўрниши, унинг асраб-авайланаётгани таҳсинга сазовор.
Хива тарихи ва унинг илм-фан, Ислом дини ривожига қўшган ҳиссаси, шунингдек, ҳудуднинг бой маданияти ва санъати ҳақидаги ҳикоялар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат),
ЎзА мухбирлари