АҚШ Президенти Жо Байден дунё ядро қуроли захирасини тўлиқ йўқ қилишга интилиши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, АҚШ бу йўналишда Россия, Хитой ва Шимолий Корея билан музокара олиб боришга тайёрлигини ҳам тасдиқлади.
– Биз дунёни ядро қуролидан бутунлай ва абадий халос қиладиган кун сари олға боришда давом этишимиз керак, – деди Америка раҳбари ўз баёнотида. – Қўшма Штатлар Россия, Хитой ва Шимолий Корея билан ядровий таҳдидни камайтириш учун ҳеч қандай шартсиз музокара олиб боришга тайёр. Бу мамлакатлар ва умуман дунё учун ядро қуролини қисқартириш ҳаракатига тўсқинлик қилишдан ҳеч қандай фойда йўқ.
Америка етакчисининг ушбу даъвати тинчлик бўйича Нобель мукофоти берилиши муносабати билан эълон қилинди. 2024 йил соврини Япониянинг Нихон Хиданкё ташкилотига топширилиши аввалроқ хабар қилинган эди.
– АҚШда жорий йил 1 октябрда бошланган 2025 молия йили режасига кўра, федерал бюджет стратегик тўхтатувчи кучларни ривожлантиришга 49 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлашни кўзлаяпти, – деб ёзган “РИА Новости”. – Бундан ташқари Конгресс Бюджет бюроси ҳисоботига кўра, 2023-2032 йиллари АҚШ ядровий кучларига ажратилган харажат 756 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Байден ва вице-президент, давлат раҳбари лавозимига номзод Камала Харрис бошчилигидаги Американинг амалдаги маъмурияти 2026 йил февралгача амал қиладиган Россия – Америка стратегик қурол бўйича шартномасини узайтириш истагини бир неча бор очиқчасига эълон қилган.
Сентябрь ойи охирида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши стратегик алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Жон Кирби “РИА Новости” мухбири саволига жавоб бераркан, Қўшма Штатлар янги шартнома бўйича Россия билан мулоқот бошлашга тайёрлиги ва Президент Владимир Путиннинг қарорини кутаётганини айтди.
– Афсуски, мазкур дипломатия Киевга давом этаётган ҳарбий ёрдам ва Америка расмийлари айтганидек, Россия Федерациясини стратегик мағлубиятга учратиш истаги билан бир вақтда олиб борилмоқда, – дейилади мақолада. – Қолаверса, Қўшма Штатлар Европадаги ҳарбий иштирокини мустаҳкамлашда давом этмоқда, Украина Қуролли кучларига узоқ масофага мўлжалланган ракеталар етказиб бермоқда. Шунингдек, Германияда узоқ масофага учувчи янги тизимлар, жумладан товушдан тез учадиган қуроллар жойлаштириш ниятида.
Ўз навбатида, Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москва АҚШнинг Россияга қарши душманлик чизиғи ўзгармасдан, мазкур шартнома бўйича музокарани давом эттирмаслигини таъкидлади.
Октябрь ойида РФ Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков стратегик барқарорлик бўйича музокара ўзгарган шартларни тушунган ҳолда олиб борилиши кераклигини билдирди. Шунингдек, у Европадаги ҳарбий-ядровий инфратузилмани ҳисобга олмасдан, кўҳна қитъа давлатларини музокара жараёнига киритмасдан ва стратегик хавфсизликнинг бошқа унсурларига тўхтамасдан туриб, стратегик ҳужум қуролларини муҳокама қилиш амалда мумкин эмаслигига эътибор қаратган.
Бундан бир неча кун аввал АҚШ собиқ раҳбари, президентликка номзод Дональд Трамп ижтимоий тармоқ орқали ўзининг президентлиги даврида Вашингтон, Москва ва Пекин ядровий қуролдан воз кечиш бўйича келишувга яқинлашганини эслатди.
– Биз ядровий қуролдан халос бўлишни режалаштирган эдик, – деди у. – Бундай аслаҳа жуда кучли ва жуда кўп.
2023 йил апрелда Трамп Путин билан ядросизланиш масаласи муҳокама қилингани, мазкур ғоя унга маъқул тушганини айтганди. Сиёсатчи сўзларига кўра, ўшанда Россия ва Хитой ядро арсеналидан воз кечишга тайёр эди.
С.Раҳимов тайёрлади.
ЎзА