“Ўзбекистон – 2030” стратегияси – амалда

Аҳоли талаблари ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида амалга оширилиши режалаштирилган асосий ғоялардан биридир. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида “Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратиш”, дея таъкидлаган эди. Шу аснода иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоси, қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликни қисқартириш масалалари каби замонавий хатар ва таҳдидларга қарши қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурган эди.

2024 йил 11 сентябрь кунги видеоселектор йиғилишида Президентимизнинг Ўзбекистонда камбағалликни камайтиришни янги сифат босқичига олиб чиқиш юзасидан берган топшириқлари иқлим ўзгариши ва хатарлар кўламининг ортиши туфайли камбағалликдан чиқаришнинг халқаро тажрибасига комплекс ёндашувни талаб этади.

Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра, иқлим ўзгариши оқибатида кўрилган зарарлар миқдори 1980 йилда 55 миллиард, 2010 йилда 180 миллиард ва 2023 йилда эса 300 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Ушбу иқтисодий зарар қатор мамлакатлар хонадон эгалари, қишлоқ хўжалиги, майда фермерлар, пировардида, озиқ-овқат бозорларига ўз босимини ўтказган ва ўтказиб келмоқда.

Табиий ёки техноген офатлар ўғирлик сингари кўплаб хатар ва қалтисликлари билан ўртаҳол аҳолини камбағалга, камбағални эса қашшоққа айлантириш эҳтимоли жуда катта.

Бундан ҳимояланишнинг воситаси сифатида пайдо бўлган молиявий инновация – микросуғурта аҳолини иқтисодий заиф қатламларини хавф-хатарлардан ҳимоя қилишнинг кучли воситасига айланди.

Дастлаб микросуғурта Ҳиндистонда аҳолини микрокредитлаш бўйича қўшимча хизмат сифатида пайдо бўлган, кейинроқ эса алоҳида тузилмага айланган.

Хитой тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, ушбу мамлакатда микросуғурта билан кенг аҳоли қатламларини қамраб олишда давлат назорати, ёрдами ва тартибга солиш механизмига катта эътибор қаратилган.

Жанубий Африка, Филиппин, Индонезия, Уганда ва Бразилия каби мамлакатлар эса ўзларининг истиқболли бозорларини Alyanz, Zurich, Мunich RE, Swiss RE ва бошқа йирик суғурта компанияларига очиб берди.

Бу соғлиқ, ҳаёт, мулк, қишлоқ хўжалиги ва табиий офатлардаги қатор хатар ва қалтисликлардан кам таъминланган аҳоли қатламлари ва уларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш орқали камбағалликни камайтиришга ҳисса қўшди.

Ўзбекистон аҳолисининг аксарияти, айниқса, қишлоқ жойларда уй қуришга йиллар давомида йиғинади, ўзбек хонадони учун уй алоҳида қадрият, ватан ичидаги ватанга айланади. Иқлим ўзгариши, табиий офатлар, сейсмик фаоллик Уй-жой микросуғурта дастурини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш аҳамиятини оширади.

Камбағалликни қисқартириш масаласи умумдавлат аҳамиятига молик масала, деб эътироф этилаётган, иқлим ўзгариши муносабати билан хатар ва қалтисликлар, иқтисодий зарарлар геометрик прогрессия каби ўсиб бораётган бир пайтда соҳада институционал масалаларни ҳал этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, аҳоли уй-жойларини ҳимоялаш масаласида мавжуд оқсоқликларни бартараф этишни талаб этмоқда.

Бу омиллар эса республикамизда аҳоли турмуши янада илдамлашига, мол-мулкини турли хатарлардан ҳимоялаш, зарарларни муқобил манбалар ҳисобидан қопланишига имкон яратади.

Шу ўринда давлатимиз раҳбари томонидан суғурта ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, ушбу соҳада истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2019 йил 2 августда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қатор бандлари мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланган бир пайтда муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселекторда “Бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланади. Ҳукуматдан тортиб, туман ташкилотигача барча бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши керак. Бу борада назорат ҳам, сўров ҳам қаттиқ бўлади”, дея таъкидлаган эдилар.

Самидилло МАҲМУДОВ,
иқтисодчи.

ЎзА