Тошкент мозаикалар шаҳри ҳисобланади. Кўплаб тадқиқотчилар ва шаҳаршунослар Тошкентни дунёдаги рекорд даражадаги мозаикага эга ягона шаҳар деб аташади. Энг кўзга кўринган мозаикалар, баланд қаватли бинолар ва деворларда панорама шаклида жойлашган.

Бундан ташқари, кириш эшиклари устидаги фронтонлар, ойналар орасидаги нақшлар ҳамда подезд олдидаги ва фойедаги паннолар ҳам эътиборга сазовор. Албатта, метрополитен мозаикалари ҳам алоҳида ўринга эга.

Туризм қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, “Тошкент мозаикалари” махсус мобил иловаси ишга туширилди.

Мазкур илова фойдаланувчиларга “Kaleydoskop” функцияси ва кенгайтирилган реаллик билан тўлдирилган AR фильтрлари ёрдамида Тошкентдаги модернизм дизайни асосида барпо этилган объектлар мозаикалари билан танишиш имконини беради. Функциядан смартфон камерасини жойида объектга йўналтириш орқали фойдаланиш мумкин.

“Тошкент мозаикалари” онлайн каталогида 334 мозаика ҳақида фотосуратлар, жойлашувлар ва маълумотлар мавжуд. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу Тошкентдаги умумий мозаиканинг 99 фоизини ташкил қилади.

Бугун мозаикалар Тошкентнинг расман маданий мерос объекти сифатида тан олинган. Илованинг ишга туширилиши Ўзбекистонда сайёҳлик салоҳиятини ривожлантиришга хизмат қилади, шунингдек, мамлакат аҳолиси ва сайёҳлар учун мозаикани сақлаб қолишга ёрдам беради. Реаллик функциясига эга мобил иловани Google Play, App Store, AppGallery платформалари орқали юклаб олиш мумкин.

 

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА