Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида етакчи аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг давлат ва жамият бошқаруви ҳамда иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш борасида тажриба алмашиш мақсадида форум ўтказиш ташаббусини илгари сурган эди.

Бир неча кундан кейин Самарқанд шаҳрида ўз ишини бошлайдиган Осиё хотин-қизлари форуми бунинг амалий ифодасидир.

Нуфузли анжуман “Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув” мавзусига бағишланади.

“БМТ-аёллар” тузилмаси билан ҳамкорликда ўтказилаётган форумда элликка яқин хорижий давлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Унда парламентларнинг аёл аъзолари, ҳукумат, давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, ишбилармон аёллар, сиёсатшунослар, ижтимоий фаоллар, олимлар, иқтисодиёт тармоқлари ва турли соҳалар ходимлари 10 та параллел сессия доирасида муҳим мавзулар юзасидан фикр алмашади.

Хотин-қизларнинг фан, таълим ва инновацион фаолиятдаги иштироки ҳамда рақамли технологиялардан фойдаланиши, ҳозирги глобал иқтисодиётда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш орқали камбағалликни камайтириш, тадбиркорлик, етакчилик ва инновацияларга жалб этиш масалалари шулар жумласидан.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда хотин-қизларнинг иштироки масаласи кўриб чиқилади. Хотин-қизларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, бизнес ва жамиятда уларнинг иштирокини рағбатлантиришда парламентларнинг ўрни, гендерга йўналтирилган бюджетлаштириш, молиявий имкониятлардан фойдаланишда гендер тафовутни бартараф этиш, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг барча шаклларига барҳам бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

“Яшил” иқтисодиётни тарғиб қилиш, иқлим ўзгаришининг минтақадаги гендер муаммоларга таъсири ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг илғор тажрибаси ва инновацион ёндашувлари ҳам кўриб чиқилади.

Форум якуни бўйича Самарқанд декларациясининг қабул қилиниши назарда тутилган.

Айни кунларда Сенат томонидан форумга тайёргарлик ишлари якунига етказилмоқда. Форумга ташриф буюрадиган меҳмонларни кутиб олиш ва жойлаштириш, анжуманнинг юқори савияда, самарали ўтказилиши учун барча чоралар кўрилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА