Президент раислигида соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан ўзгартириш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда кун тартибидаги масала бўйича соғлиқни сақлаш мутасаддилари ва вилоят бошқармалари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳудудларда касалликларнинг турига қараб, хусусий секторни жалб қилган ҳолда, даволаш муассасаларини ташкил этиш ишлари лозим даражада эмаслигини таъкидлади.

Мисол учун, Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро ва Тошкент вилоятларида давлат-хусусий шериклик асосида бирорта лойиҳа амалга оширилмаган.Шунингдек, аҳоли орасида эҳтиёж юқори бўлган гемодиализ, тиббий диагностика ва реабилитация хизматлари бўйича хусусий шериклик асосида ҳудудларда марказлар ташкил этиш юзасидан лойиҳалар якунига етказилмаган.

Президентимиз ушбу ҳудудларда давлат-хусусий шериклик асосида гемодиализ марказларини қуришни бошлаш бўйича топшириқ берди. Шунингдек, Фарғона ва Самарқанд шаҳарларида онкологик радиология марказларини ташкил этиш лойиҳаларини ишлаб чиқиб, ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилди.

Йиғилишда соҳада ҳалигача коррупция иллатига барҳам берилмаётгани қайд этилди. Хусусун, биргина Онкология марказининг Тошкент шаҳар филиалида 828 миллион сўм, Тошкент педиатрия институти клиникасида мансабдорлар 423 миллион сўм маблағларни ўзлаштириб юборган. Жондор тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи 1 миллиард сўмдан ортиқ ноқонуний сарф-харажатларга йўл қўйган.

Президент бундай мисолларни ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар кесимида кўплаб келтириш мумкинлигини таъкидлади. Соҳада қонун устувор ва жазо муқаррарлигини таъминлаш бўйича таъсирчан назорат тизимини ўрнатиш юзасидан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиевга топшириқ берилди.

– Тиббиётда одамлар ҳали биздан рози бўлгани йўқ. Тиббиёт вакиллари давлат ходими бўлатуриб, соҳадаги сиёсатни халққа етказолмаяпти. Масалан, Ўзбекистонда тиббиёт бепулми пуллими деган саволга ҳалигача аниқ жавоб йўқ, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА