Қорақалпоғистон Республикаси судьялари Нукус шаҳридаги қатор маҳаллаларда бўлиб, сайёр қабул ўтказди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди судьяси А.Нурлипесов, Нукус туманлараро иқтисодий судининг раиси З.Ҳасанова, жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди раиси Ш.Шамамбетов ҳамда Нукус туманлараро фуқаролик ишлари судининг раиси Н.Абдакимов «Чимбой чойхона», «Халқлар дўстлиги», «Сарвиноз» ва «Наупир» маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашди.

Шу куни фуқаролар томонидан уй-жой билан таъминлаш, кредит олиш, алимент ундириш каби масалаларда мурожаат қилинди. Уларнинг аксарияти бўйича ҳуқуқий тушунчалар берилиб, айрим масалаларнинг ижроси назоратга олинди.

Жумладан, «Чимбой чойхона» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Г.Асенованинг кредит олиш бўйича мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Ушбу фуқаролар йиғинидан Р.Махмудованинг алимент ундириш, Г.Муратбоеванинг кредит олиш, «Наупир» маҳалла фуқаролар йиғинидан В.Пиримбетованинг уй-жойга меросхўрлик масаласида мурожаати юзасидан тушунчалар берилди.

– Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан «маҳаллабай» ишлаш бўйича янги тизимни ташкил этишда барча даражадаги раҳбарларга ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги ҳолатни ўрганиш вазифаси юкланмоқда, – дейди Нукус туманлараро фуқаролик ишлари судининг раиси Низаматдин Абдакимов. – Бугунги сайёр қабулни ўтказишдан мақсад, аҳолига янада қулайлик яратишдан иборат.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, соҳа вакиллари томонидан жойларда ўтказилаётган тадбирлар энг аввало, фуқароларнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш, бугунги кундан рози бўлиб яшашларига хизмат қилади.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА