Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятида бўлди.
Давлатимиз раҳбари ташрифнинг биринчи куни қишлоқ хўжалиги корхоналари ташкил этиш, иш ўринлари яратиш, илм-фан ва маданиятни ривожлантириш, вилоят экспорт салоҳиятини ошириш бўйича янги лойиҳалар билан танишиб, мутахассислар, тадбиркорлар, фермерлар билан суҳбатлашди. Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш бўйича йиғилиш ўтказди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташрифининг иккинчи куни Фарғона шаҳридаги Нуронийлар масканини бориб кўрди. Мамлакатимизда нуронийларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, турмуш шароитини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Жойларда фахрийларнинг вақтини мазмунли ўтказиши учун барча шароит яратилмоқда. Фарғонадаги Нуронийлар маскани Ал-Фарғоний номидаги маданият ва истироҳат боғида барпо этилган. Бу ерда кексалар учун зарур бўладиган барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналари билан бойитилган кутубхона, замонавий жиҳозланган спорт зали, тиббиёт хонаси, фитобар, чойхона нуронийлар хизматида.
Моҳир ҳунармандлар қўлида сайқал топган айвонлар, нақшинкор устунлар ижтимоий марказ ҳуснига ҳусн қўшган.
Президентимиз бу ердаги шароитларни янада яхшилаш, хусусан, кексалар учун автобус ажратиш зарурлигини таъкидлади. Нуронийлар ёшлар билан ишлашининг изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз маънавий барқарорлигини мустаҳкамлашда уларнинг ўрнини ошириш бўйича тавсиялар берди.
Давлатимиз раҳбари Фарғона механика заводи ҳудудида кичик саноат зонаси ташкил этиш, янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди.
Ҳозирги кунда корхонада 36 турдаги саноат маҳсулоти ва 31 турдаги халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилмоқда, 330 ишчи меҳнат қилмоқда.
Корхонанинг бўш турган бино ва иншоотларини тадбиркорларга имтиёзли шартларда бериш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлашни кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида бу ерда кичик саноат зонаси ташкил этилмоқда.
Саноат зонасида йилига 300 тонна антифриз, 200 тонна ойна ювиш суюқлиги, 10 минг дона тормоз колодкаси ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Қиймати 38,5 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳани 2018 йилнинг учинчи чорагида тўлиқ ишга тушириш мўлжалланмоқда. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг 45 фоизи экспортга йўналтирилади.
Лойиҳанинг биринчи босқичида 200 иш ўрни яратилади. Бозор талабларидан келиб чиқиб, келгусида қўшимча иш ўринлари ташкил этилади.
Фарғона шаҳридаги “Мадад” масъулияти чекланган жамияти томонидан суюлтирилган газ учун цистерналар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишга мўлжалланган тиркамалар ишлаб чиқариш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Лойиҳа қиймати 40 миллиард сўм бўлиб, 30 миллиард сўми «Капиталбанк» акциядорлик тижорат банки кредити, қолгани корхонанинг ўз маблағидир.
Корхона 2018 йилда тўлиқ қувватда ишга туширилади. 2020 йилда бу ерда экспорт ҳажмини йилига 1,5 миллион долларга етказиш мўлжалланган.
Давлатимиз раҳбари мазкур корхона маҳсулотлари намуналарини кўздан кечирди. Суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб берувчи мослама ва тиркамаларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, маҳсулотларни ташқи бозорга ҳам йўналтириш зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатимиз иқтисодиёт тармоқлари жадал ривожланиши натижасида электр энергиясига бўлган талаб ортиб бормоқда. Фарғона политехника институти вилоятдаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда МикроГЭС илмий-ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳасини таклиф этмоқда.
МикроГЭС халқаро таснифга асосан қуввати 0,1 кВтдан 100 кВтгача бўлган гидроэнергетик қурилма бўлиб, у асосан гидротурбина, тасмали ва редукторли узатмалар ҳамда асинхрон генератордан иборат. МикроГЭС экологик тозалиги, арзонлиги, технологик жиҳатдан тайёрлаш ва эксплуатация қилиш осонлиги билан ажралиб туради. Лойиҳада микроГЭСлар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва ҳаётга татбиқ этиш, Фарғона политехника институтида гидроэнергетика соҳаси мутахассисларини тайёрлаш кўзда тутилган.
МикроГЭСнинг қуввати 50 кВт бўлган 2 тажриба нусхаси институт олимлари томонидан “Фарғонаазот” АЖ ва Марғилон трактор таъмирлаш корхонаси билан ҳамкорликда Фарғона шаҳридан ўтувчи Марғилонсойга қўйилиб, тажриба-синовдан ўтказилмоқда. МикроГЭСлардан олинаётган электр энергияси шаҳарнинг Каштанзор кўчаси, «Марғилонсой» тантаналар уйи ва “Ҳамкорбанк” ҳудудларини ёритишда ишлатилмоқда.
Фарғона вилояти сув хўжалиги мутахассислари билан биргаликда вилоят ҳудудидан ўтувчи сой ва каналларнинг гидрологик таснифлари ўрганилиб, дастлабки босқичда 230 жойда қуввати 50 кВтлик микроГЭСлар ўрнатиш режалаштирилган. Режа амалга ошгач, ушбу микроГЭСлардан олинган қувват вилоятда бир йилда сарфланаётган электр энергиясининг 2 фоизини ташкил этади. Бу йилига 17 миллиард сўмлик электр энергияси тежалади, деганидир.
Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳа илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида олиб борилаётган изланишларнинг яққол намунаси эканини таъкидлаб, микроГЭСлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва бошқа ҳудудларга ҳам жорий этиш бўйича тавсиялар берди.
Шу ерда Фарғона шаҳридаги “Осиё олмос файз” корхонасининг лок-бўёқ, темир ва бетон кесиш мосламаларини тайёрлаш, “Turon mega fayz” жамиятининг гипсокартон, ПВХ гранулалар, ПВХ плёнка ва пластмасса буюмлар, “Uzsalaman” қўшма корхонасининг эркаклар, аёллар ва болалар пойабзаллари, “Big Bilding Capital Group” корхонасининг саноат чангини ушлаб қолувчи фильтр материаллари, иссиқхона каркас қисмлари ишлаб чиқариш лойиҳалари, «Ўзфармсаноат» акциядорлик концерни томонидан 2017-2018 йилларда вилоятда фармацевтика саноатини ривожлантириш манзилли дастури тақдимотлари ўтказилди.
Президентимиз барча лойиҳалар бўйича фикр билдириб, уларни янада такомиллаштириш, амалга ошириш жараёнларини тезлаштириш, иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларини яхлит транспорт-коммуникация тизимига боғлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолига кенг қулайлик яратиш мақсадида янги темир йўллар қурилиб, янги йўналишлар ташкил этилмоқда.
22 июнь куни Марғилон ва Қўқон шаҳарлари ўртасида илк бор электричка қатнови йўлга қўйилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу поездда Марғилондан Қўқонга келди. Бу турдаги замонавий транспорт ҳаракати Фарғона водийси ҳаётида тарихий воқеа бўлди.
Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган ушбу электричка ҳаракати яқин кунларда янада кенгаяди ва Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарлари ўртасида қатнай бошлайди. Бу аҳоли учун жуда катта қулайлик яратади. Ушбу транспорт замонавий, тезюрар, қулай, хавфсиз. Қишда иссиқ, ёзда салқин, ҳар қандай об-ҳаво шароитида барқарор юради. Соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади. Ҳар бир электричка 6 вагондан иборат.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимиз темир йўл тармоғини модернизация қилиш, аҳолига қулай, арзон ва хавфсиз транспорт хизмати кўрсатиш йўлида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фарғона водийсининг йирик шаҳарлари ўртасида электричкалар ҳаракати йўлга қўйилаётгани бу борадаги муҳим қадамлардан бўлади.
“Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти томонидан ушбу йўналишлар учун 5 электричка модернизация қилинди. Натижада транспорт воситаларининг ташқи ва ички қиёфаси бутунлай ўзгарган. Вагонларга кондиционер, замонавий ўриндиқлар ўрнатилган. Хориждан яна 10 электропоезд келтириш режалаштирилган.
Жорий йилда Фарғонадан Марғилонгача бўлган темир йўлни электрлаштириш ишлари якунланади.
Президентимиз мазкур турдаги темир йўл транспорти қатновининг йўлга қўйилиши Фарғона водийси аҳолисининг турмуш даражаси ва сифатини оширишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Илгари Фарғона водийсида электропоезд қатнайди деса, биров ишонмасди. Энди Қўқондан Андижонга бир соатда етиб бориш мумкин. Бу ҳам халқимизнинг узоғини яқин қилиш борасидаги, одамлар манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларимиз самарасидир, деди Шавкат Мирзиёев.
Бу борадаги ишларни изчил давом эттириш, Фарғона шаҳар вокзали биноси қурилишини ниҳоясига етказиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи давомида белгилаб берилган улкан бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар вилоят ижтимоий-иқтисодий ривожини янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.