Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини давлат инспекциясида давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 13 октябрдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилаётган ишлар ва жорий йилга белгиланган режалар бўйича оммавий ахборот воситалари ва блогерлар учун матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ўсимликлар карантини тизимини янги босқичга кўтариш, соҳага илм-фан янгиликлари, халқаро амалиёт ва рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтириш, уларни етиштириш ва тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг юқорида қайд этилган қарори асосида Қорақалпоғистон Республикасидаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш ва қадоқлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш, тегишли маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш учун 16 нафар ўсимликлар карантини давлат инспектори бириктирилди. Экспорт қилинадиган маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун халқаро фитосанитария сертификати берилиши, улар етиштирган дала, боғ ва томорқалар назорати натижасида бериладиган ички фитосанитария сертификати жорий қилинди. «e-Fitouz» автоматлаштирилган ахборот тизими базасида «даладан экспортгача» бўлган занжирни қамраб олувчи тизим яратилди ва ишга туширилди.

Шу кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида 31 та Ўсимликлар клиникаси, 30 та биолаборатория ва 8 та қадоқлаш цехи ташкил этилган бўлса, мазкур қарорга мувофиқ яна қўшимча равишда 7 та қадоқлаш  цехи, 7 та Ўсимликлар клиникаси ва 30 та биолаборатория ташкил этилиши режалаштирилган. Шунингдек, республика ҳудудига хорижий мамлакатлардан маҳсулотларни олиб кирган транспорт воситалари (самолётлар, темир йўл вагонлари ва контейнерлари, юк автомашиналари) юк хоналарини карантин назоратидан ўтказиш ва «детектор — хизмат ит»ларидан фойдаланиш ҳамда зарур ҳолларда фумигация қилиш (зарарсизлантириш) тизими жорий қилинади.

2020 йил давомида Қорақалпоғистон Республикасига 8 та чет давлатдан 85 197 тонна ва 2546258 литрга тенг бўлган ўсимликлар ва карантин остидаги маҳсулот, 181171 метр куб ва 247115 м.кв, 63405 дона ёғоч маҳсулоти олиб келинди. Чет давлатлардан олиб келинган карантин остидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига 4166 дона карантин кўриги ва транспорт бирлигини очиш далолатномаси ҳужжатлаштирилди.

Шунингдек, ўтган йил давомида республикамиздан чет давлатларга 69927 тонна карантин остидаги маҳсулотлар экспорт этилди. Бундан ташқари 266711 дона турли хилдаги юк дунёнинг 30 та мамлакатига экспортга чиқарилди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев,

ЎзА