Пойтахтимизда 4 март куни Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг VIII йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Беларусь Республикаси делегациясини қутлаб, мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиётнинг турли соҳаларида ўзаро ҳамкорлик катта истиқболга эга эканини таъкидлади.

– Афсуски, пандемия икки мамлакат савдо-иқтисодий алоқаларига салбий таъсир кўрсатди. Шунга қарамай, келгусида биргаликдаги саъй-ҳаракатларни кучайтирган ҳолда, мамлакатларимиз ўртасида савдо-айланмасини 500 миллион АҚШ долларига етказиш ва ундан ҳам оширишга ҳаракат қилаяпмиз, – деди С.Умурзоқов.

Йиғилишда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида иқтисодиётнинг барча йўналишида, айниқса, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, машинасозлик, енгил саноат, тиббиёт ва фармацивтика, транспорт ва лагистика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш учун ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп экани қайд этилди. Беларусь тадбиркорлари мазкур соҳаларда ўзбекистонлик бизнес вакиллари билан ҳамкорлик қилиши икки томон учун ҳам манфаатли бўлиши таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасида таълим, илмий-инновацион, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Товарларни стандартлаш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам фикр алмашилди.

Таъкидлаш жоиз, кейинги йилларда икки мамлакат тадбиркорлик тузилмалари ўртасида ўзаро алоқаларни янада чуқурлаштиришга қизиқиш ортиб бормоқда. Бунинг исботи сифатида уч йил давомида қўшма корхоналар сони уч баробар кўпайгани, пандемия шароитига қарамай, 2020 йилда Ўзбекистонда беларуслик ишбилармонлар иштирокиди 34 та корхона ташкил этилганини айтиб ўтиш мумкин. Бунда мамлакатларимизнинг тегишли вазирлик ва идоралари ўртасидаги мулоқотлар, кўргазма ва бошқа тадбирлар мунтазам равишда олиб борилаётгани муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан, 2019 йилда Ўзбекистон делегациясининг Беларусга ташрифи доирасида ўтказилган “Made in Uzbekistan” кўргазмаси, 2020 йил февраль ойида Тошкентда икки мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, техникаси ва агросаноат мажмуаси ишлаб чиқарувчилари иштирокида “Агрофорум” ўтказилгани, ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан икки мамлакат корхоналари ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида икки томонлама учрашувлар ташкил этилганини мисол келтириш мумкин.

Қолаверса, 2020 йил 16 июндан 19 августга қадар Беларусь Савдо-саноат палатаси томонидан 200 дан ортиқ Ўзбекистон компаниялари иштирокида “Made in Belarus” онлайн кўргазмаси ташкил этилганини ҳам мамлакатларимизнинг турли йўналишда шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлашга бўлган интилиши, деб қабул қилиш мумкин.

Йиғилиш якунида Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг VIII йиғилиши Баённомаси имзоланди.

Шунингдек, 2021-2022 йилларда икки мамлакат ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича «Йўл харитаси», 2021-2025 йилларда олий таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги битимни ҳаётга жорий қилиш бўйича Ҳаракатлар режаси, “Ўзстандарт” агентлиги билан Беларусь Республикаси стандартлаштириш бўйича давлат қўмитаси ўртасида 2021-2023 йилларда ҳамкорлик дастури қабул қилинди.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА