Пойтахтимизда 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Аёллар етакчи лавозимларда: “Covid-19» пандемияси шароитида тенг ҳуқуқли келажакка эришиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ижтимоий ва сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида аёл раҳбарнинг ижобий образини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тадбир Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, БМТ Тараққиёт дастури ва БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳузуридаги Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ва бошқа ташкилотлар, халқаро тузилмалар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева, Европа тикланиш ва тараққиёт банки Гендер ва иқтисодий инклюзивлик департаменти директори Барбара Рамбоусек, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер , Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ўтган 2020 йил бутун жаҳон мамлакатлари учун барча жабҳаларда мураккаб жараёнларни юзага келтирганини таъкидлади. Бундай қалтис вазият оилалар, энг аввало аёллар, ёшларга ҳам ўзининг таъсирини ўтказмай қолмади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда шиддатли ислоҳотлар кечмоқда. Улар очиқлик, ошкоралик тамойилларига асосланиши билан бирга халқ, айниқса, оилалар, хотин-қизлар фаровонлигини юксалтиришдек эзгу мақсадларни кўзламоқда. Давра суҳбатида Ўзбекистон учун ҳам ўтган 2020 йил жиддий синов йили бўлгани таъкидланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ нуфузли анжуманларида гендер тенглик, аёллар ва ёшлар манфаатларини таъминлашга эътибор қаратгани ушбу масалаларнинг мамлакатимизда нечоғли муҳим ва долзарблигини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизда парламентнинг ҳар иккала палатасидаги вакиллик органларида аёлларнинг иштироки кучайди. Бу эса Ўзбекистоннинг тегишли йўналиш бўйича жаҳондаги рейтинги тобора ортишида муҳим омил бўлди. Ўзбекистон парламенти Гендер тенглик масалалари бўйича дунёда намуна бўлишга арзигулик мамлакат сифатида тан олинди.

Бугунги кунда турли вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, агентликлар, ташкилотларда раҳбарлик вазифаларида меҳнат қилаётган аёллар сафи кенгаймоқда. Улар ишчанлиги, салоҳияти билан эркаклардан кам эмаслигини амалда исботламоқда.

Кейинги пайтларда ишсиз, тазйиққа, зўравонликка учраган, муаммолар гирдобида қолган аёлларга эътибор кучайди. Уй меҳнати, ўзини ўзи банд этиш, оилавий, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, аёллар, қизларни касбга ўқитиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Маҳаллаларда «Аёллар дафтари» жорий этилиб, унга кирган аёлларнинг муаммолари ўрганилмоқда. Мавжуд масалаларни ҳал этишда юртимиз банклари билан бирга халқаро молиявий тузилмалар ҳам кенг жалб этилиши кутилмоқда.

Қизларни олий таълимга қамраб олиш, турли жабҳаларида меҳнат қилаётган аёлларни фаол қўллаб-қувватлаш борасида илғор ташаббуслар жорий этилмоқда.

Айни пайтда “Covid-19» пандемияси даврида иқтисодиётни тиклаш, аёл раҳбарларнинг мавжуд салоҳиятидан самарали фойдаланиш, коронавирус тарқалиши хавфини камайтиришда аёллар ва қизларнинг иштирокини таъминлашни кучайтириш муҳимдир.

«Опа-сингиллар» нодавлат нотижорат ташкилоти раҳбари Наталя Плотникова алоҳида эҳтиёжли аёллар, имконияти турлича оилалар бандлик, коммунал соҳаларда муайян муаммоларга дуч келаётганини такидлади.

— Тез орада жойларга, ҳудудларга чиқиб, тегишли ишлар бошлаб юборилади,– деди Сенат Раиси, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия раиси Танзила Норбоева.

– Бунда Сизлар билан долзарб масалаларни атрофлича муҳокама этиш, уларнинг ечимини биргалашиб топишга алоҳида эътибор қаратилади.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов, Коррупцияга қарши кураш курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тўхташева, ЕТТБнинг Ўрта Осиё бўйича кичик ва ўрта бизнесни молиялаштириш ва ривожлантириш бўлими раҳбари Нодира Мансурова ва бошқаларнинг гендер тенгликка оид маърузалари катта қизиқиш уйғотди. Савол-жавоблар кескин, лекин самимий бўлди.Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Томонлар хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтириш, уларнинг иқтисодий фаровонлиги ошириш, гендер тенгликни таъминлаш юзасидан вазифаларни биргаликда ҳал этишга келишиб олдилар.

Тадбир доирасида «Гендер тенглик фаоли»миллий танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

 

          Назокат Усмонова,

        ЎзА