Ўзбекистон Глобал инновация индексида ўз ўрнига эга бўлмоқда. Хўш, бу индекснинг аҳамияти қандай ва унда муносиб ўрин эгаллаш нима беради?

Ушбу саволлар билан Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари Азимжон НАЗАРОВга мурожаат қилдик.

– Глобал инновация индекси (ГИИ) 2007 йил Франциянинг INSEAD илмий тадқиқот ва бизнес мактаби профессори Дутта томонидан ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу индекс АҚШнинг Корнел университети ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорликда ҳар йили нашр этиб келинмоқда.

Инновациялар ҳар қандай мамлакатда тараққиётнинг муҳим мезони бўлиши керак. Лекин тараққиёт бир мамлакат доираси билан чекланмайди ва белгиланмайди. Шундай экан, бу мезон қанчалик юксак бўлса, ривожланиш ҳам шунга мутаносиб тарзда давом этади.

Шу маънода, ГИИ синовдан ўтган, халқаро нуфузи баланд тузилма ҳисобланади. Негаки, бу индекс, аввало, шаффоф баҳолов мезони бўлиб, у илмга асосланган, ишончлилиги билан диққатга сазовор.

Таҳлиллар ГИИ бевосита мамлакатларнинг иқтисодий жиҳатдан қай даражада ривожланганини ҳам кўрсатади. Масалан, ГИИда қайси мамлакат юқори ўринда турса, шунга мос тарзда айнан ушбу давлатнинг ялпи ички маҳсулоти ҳам дунё мамлакатлари ичида юқорилигини кўриш мумкин. Яъни, мамлакатнинг ГИИдаги рейтинги ва давлатнинг ялпи ички маҳсулоти бир-бири билан тўғри пропорционал тарзда.

ГИИ индикаторлари ортида инсон капитали, яъни илм-фан ютуқларининг натижалари ётади. Демак, билимга асосланган иқтисодиётни ривожлантириш орқалигина Глобал инновация индекси рейтингида юқори ўринларни эгаллаш мумкин.

Шу каби муҳим жиҳатлар сабабли мамлакатимизнинг инновация фаолиятидаги ўлчов мезонини ГИИ орқали баҳолаш жуда муҳим.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Инновацион ривожланиш вазирлигининг асосий вазифаларидан бири — бу мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришнинг узоқ муддатли сценарийларини инобатга олган ҳолда инновацион ривожлантириш стратегиясини олиб бориш. Мутахассисларимиз маҳаллий ва хорижлик экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси”да мамлакатнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлиги даражаси ва инновацион жиҳатдан тараққий эттириш учун инсон капиталини ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Стратегиянинг мақсади — инсон капиталини ривожлантириш билан бирга, Ўзбекистонни 2030 йилга қадар Глобал инновацион индексида дастлабки ривожланган ТОП-50 талик мамлакатлар қаторига киритишга эришишдир.

– Ўзбекистон беш йиллик танаффусдан сўнг Глобал инновация индексига киритилгани иқтисодиётда қандай акс этди?  

– 2020 йил 2 сентябрда ГИИ рейтингининг 2020 йил «Инновацияни ким молиялаштиради?» мавзусидаги 13-сони нашрдан чиқди. Унда Ўзбекистон 131 мамлакат ичида 93-ўринни эгаллади (Швейцария – 1, Швеция – 2, АҚШ – 3, Россия – 47, Қозоғистон – 77, Қирғизистон – 94, Тожикистон – 109-ўрин).

Айтганингиздек, Ўзбекистон сўнгги марта 2015 йилда рейтингда 122-ўринни эгаллаган ва охирги йилларда умуман ГИИ рўйхатидан жой олмаган эди.

ГИИ ушбу нашри 80 индикатордан ташкил топган. Шундан 58 индикатор миқдорий статистик маълумотларни талаб қилади. 18 индикатор турли индекслардан иборат ва ниҳоят 4 индикатор Жаҳон иқтисодий форуми томонидан ўтказиладиган сўровномалардан ташкил топади.

ГИИда шунингдек, «кириш» ва «чиқиш» индекслар тўпламлари мавжуд. «Кириш» индексларида инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитларнинг мавжудлиги баҳоланади. «Чиқиш» индексида эса инновацияларнинг амалга оширишдаги амалий натижа инобатга олинади.

«Кириш» индексида Ўзбекистон 81-ўрин, «чиқиш» индикаторлар тўпламида эса 118-ўринни эгаллади. 2015 йил «кириш»да 112-ўрин ва «чиқиш»да эса 127-ўрин эгаллаган эди.

Инновацион фаолиятни ривожлантириш ва унинг натижасини олиш қисқа муддатда амалга ошадиган жараён эмас. Бунинг учун инсон ресурслари, яъни инсон капиталини ривожлантириш, молиявий харажатлар, ва, албатта, вақт ўта муҳим ҳисобланади.

Айтмоқчи бўлганим, сўнгги йиллардаги ислоҳотлар ва ҳозирда амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар келгуси йилларда ГИИда янада аниқроқ акс этиб боради.

2020 йил ГИИ рейтингидаги яна бир муҳим жиҳат — инновациялар бўйича ривожланган давлатлар (Швейцария, Швеция ва АҚШ) етакчилик қилаётган ва инновацияларнинг ривожланганлик даражаси ялпи ички маҳсулотга ва уни инновацион ривожланишга йўналтирилганига боғлиқ эканлиги кўринса-да, аслида инновацион ривожланиш Осиё давлатларига кўчгани яққол қайд этилди.

Хитойнинг кетма-кет 14-ўринни эгаллаши, Сингапур (8-ўрин) ва Корея (10-ўрин) давлатларининг юқори ўнталикка кириши бунинг исботидир. Шуниси қизиқки, 2020 йил ГИИ рейтинги маълумотларига кўра, 25 давлат ўз иқтисодий ривожланишига нисбатан жуда яхши кўрсаткичларга эришган.

Хусусан, Ўзбекистон 2015 йилга нисбатан, инфратузилмавий ривожланишда 101-ўриндан 72-ўринга кўтарилган (29 ўринга). Бунда аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, Интернет тармоғидан фойдаланиш кўрсаткичи ортган (36 ўринга юқорилаган).

Шунингдек, электрон ҳукумат хизматлари кўрсаткичида 24-ўринга юқорилаган. Бу, албатта, сўнгги йилларда мамлакатда рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларнинг дастлабки натижаларидир.

– Аввалги йилларда Ўзбекистон ушбу индексда умуман баҳоланмаганининг сабабига ҳам тўхталсангиз.

– Инновацион ривожланиш стратегияси доирасида берилган топшириқлар асосида Ўзбекистоннинг ГИИга киритилиши бўйича 15 дан ортиқ халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик олиб борилди. Шу тариқа Ўзбекистоннинг ГИИга киритилмаганининг асосий сабаблари аниқланди.

Жумладан, ГИИдаги айрим кўрсаткичлар бўйича халқаро ташкилотларнинг статистик маълумотларни қайта ишлаш методологияси билан миллий статистик маълумотларни қайта ишлаш/жамлаш методологияси мувофиқ бўлмаган, зарурий статистик маълумотлар очиқ манбаларда мунтазам тарзда эълон қилиб борилмаган. Сўровномаларда иштирок этилмаган, ГИИ рейтинги бўйича алоҳида масъул бўлган ҳамда маҳаллий ва халқаро ташкилотлар ўртасида ўзаро яқин ҳамкорликни таъминловчи мувофиқлаштирувчи ижрочи орган ҳам мавжуд бўлмаган.

Ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги бу борада мувофиқлаштириш вазифасини бажармоқда. Шу ўринда Молия вазирлиги, Марказий банк ва Давлат статистика қўмитасига амалга оширилган ишлардаги яқин ҳамкорлик учун ташаккур билдирамиз.

– Айтинг-чи, Ўзбекистоннинг индексдаги ўрни яхшиланиши халқ ҳаётига қандай таъсир кўрсатади?  

– ГИИ кўрсаткичлари иқтисодиётнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олади. Бу тиббиёт, таълим, институционал ривожланиш, қишлоқ хўжалиги, саноат, энергетика, банк ва молия каби деярли барча соҳаларни ўз ичига олади.

Ушбу иқтисодиёт тармоқларининг холис статистик маълумотлар билан баҳоланиши ва дунё мамлакатлари иқтисодиётининг мунтазам тарзда таққослаб борилиши, мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришдаги асосий йўналишларни белгилаб олишга хизмат қилади.

Бошқача айтганда, ГИИ кўрсаткичлари ҳар бир иқтисодиётнинг кучли ва заиф томонларини аниқлашга имкон беради. Биз ҳам мамлакатимизнинг ГИИ алоҳида индикаторларидаги эгаллаган ўрнимиздан келиб чиқиб, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаб олишимиз ва жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, зарурий чораларни кўришимиз зарур.

Индекс бўйича ҳар бир соҳа ривожлантирилиши, шубҳасиз, халқ манфаатига хизмат қилади.

– Ҳар йили индекс мавзуси қандай танланади?  

– ГИИ ҳар йили бир муҳим йўналишга урғу беради. 2019 йилда энергетика масаласи, 2018 йилда тиббиёт соҳасидаги инновациялар асосий мавзу бўлиб кўтарилган.

Биз шу йилларда индексда ўрин олмаган бўлсак-да, уни мунтазам кузатиб, хулосалар чиқарганимиз боис ўтган даврда шу йўналишларда қатор ишлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида қайта тикланувчи ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланган ҳолда электр энергиясини ишлаб чиқариш улушини 2025 йилга бориб 20 фоиздан зиёдга ошириш вазифаси қўйилган.

Мамлакатимизда водород энергетикаси соҳасини ривожлантириш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан «Водород энергетикаси технологиялари илмий-амалий инновацион маркази»ни ташкил этиш таклифини ишлаб чиқди.

Ушбу марказда водородни олиш, сақлаш ва фойдаланиш бўйича тадқиқотлар олиб борилади. Вазирлигимиз томонидан Мўйноқда телемедицина инновацион клиникаси ташкил этилди, инновацион кўз клиникасининг имкониятлари кенгайтирилди, тиббиёт йўналишидаги илмий ишларни молиялаштириш улуши сезиларли даражада ошди.

ГИИ мавзусига келадиган бўлсак, инновациялар бўлиши учун энг зарур омиллардан бири бу молиялаштириш тизимини тўғри шакллантириш ва ривожлантиришдир.

Айниқса, бу масала пандемия шароитида янада муҳим. Ўзбекистонда бу борада қатор ишлар қилинди. Таълим қамрови кенгайди (2018 йилги 9 фоиздан 2020 йилга келиб 25 фоизгача кўтарилди), олий таълим муассасалари сони 2018 йилдаги 84 тадан 2020 йилга келиб 124 тага етди.

2030 йилгача Олий таълим концепцияси доирасида университетлар сифатини оширишга эътибор кучайтирилади. Тадқиқотчилар сонини кўпайтириш, аёлларга олий таълимда имкониятлар яратиш, кластерлар сиёсати борасида эса маълум ютуқларга эришилди.

– Ўзбекистон 2030 йилга қадар инновацион ривожланган 50 мамлакат қаторига кира оладими?  

– Бунга эришиш учун ҳар бир соҳа ривожлантирилиши билан бир қаторда натижалар халқаро рейтингларда акс этиб бориши керак. Биз эса Ўзбекистоннинг ҳар бир кўрсаткич бўйича баҳоланишини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Бунинг учун ГИИнинг жорий ва келгуси йиллардаги нашрларида энг сўнгги статистик маълумотлар бўлишини таъминлаймиз.

2022-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилади. Мана шу янги стратегияда ГИИдаги Ўзбекистоннинг иқтисодиёти учун муҳим бўлган, шу билан бирга ҳозирда паст ўринларда бўлган кўрсаткичлар инобатга олинган.

Албатта, ўтган йилги «Инновацияни ким молиялаштиради?» ГИИ нашридаги тавсиялар асосида мамлакатимизда илмий тадқиқот фаолиятларини молиялаштириш ҳажми оширилади. Маблағлардан рационал фойдаланишни келгусида ҳам таъминлаб бориш бўйича амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва таъминланади.

ГИИда Ўзбекистоннинг ўрнини ошириш мақсадида халқаро ҳамкорлик асосида хорижий тажрибаларни ўрганиш ва тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича ҳам иш олиб борилади.

2030 йилга қадар ривожланган 50 мамлакат қаторидан ўрин эгаллаш учун эса ривожланиш, тараққиётнинг муҳим мезони – илмни, инновацияни ҳар томонлама рағбатлантириб, ижтимоий ҳаётда инсон капитали юксак қадр топиши учун барча имкониятларни ишга солишимиз керак. Бу фақат бизга эмас, шу мамлакатда фаолият олиб бораётган ҳар бир ташкилотга, яшаётган ҳар бир фуқарога ҳам бевосита боғлиқ. Қолаверса, ватанпарварлик, деган юксак тушунча борки, бу ҳар биримизнинг юрагимиздан жой олиб, амалий ишларимизда акс этса, Ватаннинг мавқеи юксалиб боради.

 

ЎзА мухбири Норгул АБДУРАИМОВА суҳбатлашди.