Мўйноқ туманида “Оролга мадад” шиори остида экологик хайрия ҳашари ўтказилди.

Тадбир доирасида Оролнинг қуриган тубида ўрмонлаштириш тадбирларида иштирок этаётган ишчиларга 15 минг дона кўчат, 2 тонна саксовул уруғи, 500 кг картошка, 500 кг пиёз, 300 кг сабзи, 4 қоп гуруч, 200 литр ёғ, 300 кг турп, 600 л тоза ичимлик суви, 200 дона қишки эркаклар пойабзали, бош кийимлар, 4 бош қўй ва бошқа хўжалик маҳсулотлари хайрия тариқасида топширилди.

Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши раиси Нарзулла Обломуродов раҳбарлигида амалга оширилган мазкур тадбирга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Экологик партияси фракция депутатлари ва Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти Кенгашлари, Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси вакиллари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари денгизнинг қуриган тубида барпо қилинаётган юз минглаб гектар ўрмонзор ерларда Ўрмон хўжалиги ишчилари билан биргаликда саксовул кўчатларини экишда қатнашди ва саксовул кўчатларининг ўсиш жараёни назорат қилинди.

Хайрия ҳашарлари давомида ташкил этилган маданий дастурлар ва байрам дастурхони ўрмончиларга кўтаринки кайфият бахш этди.

Е.Қаноатов, ЎзА