Қуролли Кучлар куч тузилмалари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассисларидан таркиб топган бутлаш комиссияси қарор ижросини қатъий таъминлаш учун масъул этиб белгиланган.

Чақирув–2021 

Президентнинг 2020 йил 6 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ҳарбий хизматга чақириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасида ташкил этилган чақирув бўйича раҳбарият ва бутлаш комиссиялари фаолияти давом этмоқда.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Қуролли Кучлар куч тузилмалари, маҳаллий давлат бошқаруви органлари ҳамда тиббиёт соҳаси мутахассисларидан таркиб топган бутлаш комиссияси қарор ижросини қатъий таъминлаш учун масъул этиб белгиланган.

Мазкур комиссиялар раислари – Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари бошқарув аппаратининг бошқарма, бўлим ва хизмат бошлиқлари, ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари ҳисобланади. Комиссия аъзолари таркибига Ўзбекистон Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ва Миллий гвардия ҳарбий хизматчи ва ходимлари киритилган.

 

 

Бутлаш комиссияси ҳар бир чақирилувчини қўшин турларига қараб тайинлаш бўйича қарор қабул қилиш жараёнида ўз фикрини билдириши, бунда тегишли идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликни ташкил этиш ҳуқуқига эгадир.

Ўз фаолиятининг ошкоралиги, фуқаролар учун очиқлик, улар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг холислигини таъминлаш бутлаш комиссияси мажбуриятининг асосий тамойили ҳисобланади.

Таъкидлаш жоизки, янги қарорга кўра чақирилувчиларни якуний тиббий кўрикдан ўтказиш масъулияти ҳарбий госпиталларнинг ҳарбий шифокорлари зиммасига юклатилди. Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа ишлари бошқармасида ўтказилаётган якуний тиббий кўрикка Нукус ҳарбий госпитали ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг малакали мутахассислари жалб этилган.

Бундан ташқари, бир-бирини такрорловчи тиббий комиссиялар, яъни муқобил ҳамда ҳарбий қисмларда ўтказиладиган такрорий тиббий комиссиялардан воз кечилди. Шунингдек, мазкур қарор билан вилоятлар кесимида раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий комиссиялар, туманларда эса Қуролли Кучларни бутлаш комиссияси фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, улар раҳбарият кенгаши, ҳарбий-тиббий, бутлаш ва ҳудудий тиббий комиссияларнинг самарали фаолият юритиши учун шахсан масъулдир.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 11 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарорига асосан, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг чақирув ёшидаги фуқаролари шу йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши белгиланган.

ЎзА