Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкил топганининг 26 йиллиги муносабати Нукус шаҳрида «Адолат боғи» яратилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда депутатлар, партия фаоллари ва ёшлар иштирок этди. Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Н.Қаипбергенов йиғилганларни ушбу сана билан қутлади.

Жойларда “Адолат ҳар бир инсон учун!” шиори остида байрам тадбирлари ўтказилди.

Кўчат экиб, боғ яратиш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири ҳисобланади. Нукус шаҳридаги Юридик техникум қошида бўш ер майдонида боғ яратиш ташаббуси барча партиядошлар томонидан қўллаб-қувватланди. Бундан кўзланган асосий мақсад, мамлакатимиз бўйлаб амалга оширилаётган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига ҳисса кўшиш, ушбу эзгу фазилатни ёшларимиз қалбига сингдиришдан иборат.

 

 

Партия ташаббуси билан республика бўйлаб ўтказилиши режалаштирилаётган мевали ва манзарали дарахт экиш тадбирининг дастлаб таълим соҳасидан бошланиши ҳам бежиз эмас. Чунки ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари ёш авлод қалбида табиатга меҳр-муҳаббат туйғусининг янада кучайишига хизмат қилиши шубҳасиз. Боғнинг яратилиши эса, атроф-муҳитга кўрк улашиши баробарида, ҳаво мусаффолигини таъминлаб, аҳоли дастурхонини ширин мевалар билан тўлдиришга хизмат қилади.

Шу куннинг ўзида янгидан ташкил этилган боғға яхши ниятлар билан турли мевали дарахт кўчатлари экилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА