Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўзбек адабиёти кафедраси профессори, филология фанлари доктори Каримбой Қурамбоевнинг “Навоийнинг ижод бўстонидан илҳомланиб…” номли монографияси чоп этилди. Унда Алишер Навоий ижодининг қардош туркман ва қорақалпоқ халқлари адабиётлари билан алоқалари ҳақида маълумотлар жамланган.

Улуғ шоир ва мутафаккир Алишер Навоий жаҳон адабиёти хазинасига бебаҳо ҳисса қўшган, туркий халқлар адабиётининг ҳам фахрига айланган бетакрор адабий сиймолардан биридир. Шоир кенг ва кўп қиррали ижоди билан ўзидан кейинги авлод, турли халқлар адабий муҳитига таъсир кўрсатиб, тараққиётида муҳим роль ўйнаган.

Айниқса, Навоий мероси туркман ва қорақалпоқ адабиётида ғоят қадрланади, асарлари севиб ўқилади. Ижодкорлари шоирни устоз, деб ардоқлайди, ғазалларига мухаммаслар боғлаб, назиралар ёзади. Достонларидан илҳомланиб, ўз адабиётларини мазкур жанрнинг янги-янги намуналари билан бойитади.

Навоий асарларининг қорақалпоқ ва туркман тилларига таржималари эса буюк шоир ижодига қизиқиш ва ҳурматнинг белгисидир. Навоийшуносликнинг бу қирралари, таассуфки, адабиётшунослигимизда кам ўрганилган эди.

Монографияда ушбу масалаларга кўпроқ эътибор берилган ва мавзуни имкон даражасида тўлиқроқ ёритишга ҳаракат қилинган. У адабий таъсир ва ўзига хослик, ўзаро бадиий таржима масалалари билан қизиқувчилар, олий ўқув юртларининг филология таълим йўналиши талабалари ва магистрлари, умуман, навоийшунослик ёки адабий алоқа билан шуғулланувчиларга мўлжалланган.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА