Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Грузия иқтисодиёт ва барқарор ривожланиш вазири Натия Турнава билан видеоконференция шаклида музокара ўтказди.

Учрашувда икки мамлакат ўртасида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда алоқаларни чуқурлаштириш истиқболи муҳокама қилинди.

Конструктив мулоқот чоғида томонлар Ўзбекистон ва Грузия ўртасидаги кўп қиррали шериклик ривожидаги ижобий ўзгаришларни қайд этиб, турли даражадаги муносабатларни фаоллаштириш орқали инвестициявий ва иқтисодий алоқаларни кучайтиришга қаратилган яқин ҳамкорликни кенгайтиришга содиқлигини билдирди.

Кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан фикр алмашилиб, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, энергетика, соғлиқни сақлаш, таълим ҳамда банк-молия соҳаларидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Иқтисодий шериклик кўрсаткичларини сезиларли даражада ошириш учун етарли имконият мавжудлиги таъкидланди.

Томонлар халқаро юк ташиш билан боғлиқ муаммоларни вақтида аниқлаш ва бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида икки мамлакат савдо ҳамда транспорт вазирликлари ўртасида мунтазам алоқа ўрнатиш бўйича ишларни жадаллаштиришга келишиб олди.

Туризм соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди – Грузия томони туризм бизнеси соҳасида тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистонга пресс-тур ташкил этиш учун мамлакатнинг етакчи хусусий компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Музокара якунида савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар шерикликка оид юзага чиқаётган масалаларни зудлик билан ҳал этиш мақсадида тегишли вазирлик, идоралари даражасида мунтазам равишда музокара ҳамда видеоконференция ўтказиш амалиётини фаоллаштириш лозимлиги маъқулланди.

Шунингдек, икки мамлакат вазирлари ўринбосарлари бошчилигида инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди. Ишчи гуруҳнинг асосий вазифаси ўзаро савдо таркиби ва ҳажмини кенгайтириш бўйича таклиф ҳамда амалий чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шу билан бирга, икки давлат ҳудудларида қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятини ўрганишдан иборат бўлади.