Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғидаги Адиблар хиёбони доимо адабиёт мухлислари билан гавжум. 9 февраль куни ушбу муаззам маскан шеърият ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, талаба-ёшлар билан янада гавжумлашди.

Улуғ мутафаккир шоир бобомиз таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тантанали тадбир саҳардан одамларни ўзига чорлади. Маънавиятга, илм-фанга, маърифат ва адбиётга, китобхонликка кўрсатилаётган эътибор Алишер Навоий меросини ўрганиш, уни халққа янада яқинлаштиришдек эзгу ташаббусларда ҳам ўз ифодасини топаётир. Эрталабданоқ табаррук бу масканда шеърхонлик, ғазалхонлик, адабий суҳбатлар, гурунглар авж олди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда кейинги йилларда Алишер Навоий меросини ўрганиш янада кенгроқ қулоч ёйганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан шоирнинг 580 йиллик таваллуд санаси мамлакатимизда ўзгача кўтаринкилик, байрамона кайфият билан нишонланмоқда. Президентимизнинг тегишли қарори асосида жорий йил якунига қадар Алишер Навоий ижод мактаби, халқаро жамоат фонди, орденини таъсис этиш бўйича ташаббуслар илгари сурилди. Шу билан бирга, Навоий ижодини пухта ўрганиш ва оммалаштириш юзасидан кўплаб амалий ишлар жадал йўлга қўйилди. Зеро, маънавий жабҳаларда кечаётган янгиланиш жараёнларида Ҳазрати Алишер Навоийнинг бой ва бебаҳо мероси устувор ўрин эгаллаши, шубҳасиздир.

Тантанали тадбирда Афғонистон Ислом Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Ҳолид Элмий Алишер Навоий ўзининг ўлмас асарлари, уларда тараннум этилган эзгу ғоялар билан наинки ўзбек халқи, балки бутун дунё халқларига тааллуқли бўлган беназир шоир, улуғ мутафаккир эканини таъкидлади. Айни пайтда бутун дунёда бўлгани каби Афғонистонда ҳам Алишер Навоийнинг адабий меросини ўрганиш, унинг ижодини янада кўпроқ тарғиб этиш, даҳонинг хотирасига эҳтиром кўрсатиш борасида кўплаб амалий ишлар ҳаётга жорий этилаётгани эътиборлидир.

Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети ректори, навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон, профессор Хуррам Раҳимов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тойир давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда яратилаётган янги Ўзбекистоннинг мафкураси эзгулик, одамийлик, гуманизм ғояси бўлиши, мафкура деганда, аввало, фикр, миллий ва умуминсоний қадриятлар тарбияси тушунилиши, улар халқимизнинг неча минг йиллик ҳаётий тушунча ва қадриятларига асосланган бўлмоғи кераклигига оид даъватлари тўғрисида сўзлади.

Эзгулик, одамийлик, гуманизм ғоялари эса Алишер Навоий асарларидаги бош ғояни ташкил этиши дунё олимлари томонидан эътироф этилмоқда. Шу билан бирга, сабрли, ҳаёли, инсоф-диёнатли бўлишни ўзига шиор билган Алишер Навоий умри давомида бу ақидаларга қатъий амал қилгани барчамиз, бутун башарият учун ибратлидир. Зеро, юртимизда миллий руҳни кучайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кенг қатламлари жамиятдаги улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига онгли равишда қўшилишини таъминлашга оид қамрови улкан тадбирлар Навоий ғояларининг халқимиз қалбидан чуқур жой олишини тақозо этади.

Тадбирда хорижлик навоийшунос олимлар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини масофавий тарзда билдириш имконига эга бўлишди. Жумладан, эронлик навоийшунос, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммадзода Ҳусайн Сиддиқ Навоий асарлари бутун дунёда бўлгани каби Эронда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилишини таъкидлаб, соҳага доир тадқиқотлари, меҳнату изланишлари юксак қадрлангани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан ғоят миннатдор эканини билдирди.

Туркиялик олим Ўрхан Куртўғли Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида Алишер Навоий номидаги мукофотни таъсис этиш борасидаги ташаббусларга юксак баҳо бериши баробарида Ўзбекистонда маънавий-маърифий жабҳалардаги жадал ислоҳотлар Навоий улуғлаган эзгу ғояларга ҳамоҳанг эканини алоҳида эътироф этди.

Озарбайжонлик навоийшунос олим Рамиз Асқар Навоий барча жанрларда юксак маҳорат билан, ҳам мукаммал, кўп ва хўб, самарали ижод этган сўз санъаткори эканини эътироф этган бўлса, болгариялик ёзувчи ва таржимон Мария Филиппова-Ҳожи ўзбекистонликларнинг ғоят бой миллат экани, бу хазина Навоийнинг адабий меросида ҳам ўз ифодасини топганини самимият, ҳавас билан сўзлади.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов Навоий ижодидан намуналар ўқиди.

Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиева ижросида Навоий ғазали билан куйланувчи машҳур “Муножат” ашуласи тантанага ўзгача файз бағишлади.

Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Тантанада Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Хайриддин Султонов, Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди.

* * *

Пойтахтимизнинг Навоий кўчасидаги Адиблар хиёбонида, шунингдек, шоир номи билан юритилувчи Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳам маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

– Аллома таваллудига бағишланган тадбирлар бир-икки кун билан чегараланмасдан йил давомида нишонланиши кўзда тутилган, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти директори, тилшунос олим Низомиддин Маҳмудов. – Гарчи асосий тадбирлар шу йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши кўзда тутилган бўлса-да, йил давомида Навоий ижодиётига оид анжуманлар, мулоқотлар, йиғинлар, қизиқарли суҳбатлар ўтказилади. Қолаверса, мутаффакир асарларини нашр этиш, бу борадаги тадқиқотларни чоп этиш, тафсирини тайёрлаш, оммавий шарҳлар бўйича электрон платформа яратишга жиддий аҳамият қаратилмоқда.

– Навоий асарларининг жаҳонда қизиқиш билан ўқилишининг асосий сабаби унинг қаҳрамонлари турли мамлакат, турли миллат вакилларидир, – деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва таржимон Николай Ильин. – Шоир ўз мисралари орқали барчага мурожаат этиб, одамларни эзгуликка ундайди. Асарларида акс эттирилган сюжетлар, воқеликлар ғоят ранг-баранг. Шу сабабли жаҳон Навоий асарларига қайта-қайта мурожаат этаверади. Бундан икки йилча аввал уюшмада ташкил этилган халқаро анжуманнинг катта қисми улуғ шоир асарларини бошқа тилларга таржима этиш масаласига бағишланганди. Ҳозир Навоий асарлари жаҳоннинг кўплаб тиллари каби рус, украин, беларусь тилларига ҳам янада фаол таржима қилинмоқда.

Мушоира тарзида ўтказилган тадбирда аллома шоир бобомиз ижодидан намуналар ўқилди. Дилбар куй-қўшиқлар янгради. Бу каби адабий гурунглар, анжуман ва давра суҳбатлари мамлакатимизнинг барча гўшаларида бўлиб ўтди.

 

Назокат Усмонова, ЎзА