Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Спикернинг биринчи ўринбосари Акмал Саидов бошчилигидаги мазкур ишчи гуруҳ аъзолари иштирок этди.

Ташкил этилган гуруҳ фаолиятидан кўзланган мақсад ЕОИИга аъзоликнинг ижобий ва салбий жиҳатларини чуқур таҳлил қилиш, миллий иқтисодиётга таъсирини ўрганиш, бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик истиқболига боғлиқлигини ҳар томонлама кўриб чиқишдан иборат.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўлланган Мурожаатномадан келиб чиқиб, 2021 йилда Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш, ушбу минтақавий тузилма имкониятидан кузатувчи давлат сифатида ҳар томонлама фойдаланиш йўлларини қидириш гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Иштирокчилар Ўзбекистон ЕОИИда кузатувчи мақомини олгани ҳамда ушбу ташкилотга аъзо давлатлар бозорида тўлақонли иштирок этиш жараёнини ҳуқуқий тартибга солиш механизмини чуқур ўрганиш, миллий техник тартибга солиш меъёрини ЕОИИ талабига мослаштиришни жадаллаштириш зарурлигини таъкидлашди. ЕОИИ билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни самарали ташкил этиш мақсадини кўзловчи 2021 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси” лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиниб, тасдиқланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тузилган мазкур ишчи гуруҳ йиғилишида билдирилган таклиф, мулоҳазаларни тегишли мутасадди вазирлик, идора ва ташкилотларга етказиш, белгиланадиган вазифалар ижроси устидан парламент назорати ўрнатишга оид аниқ чора-тадбирлар белгилаб олиннди.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

матбуот хизмати