Россиянинг суюлтирилган табиий газидан воз кечиш масаласи Туринда бўлиб ўтаётган “Катта еттилик” мамлакатлари тегишли вазирлари учрашуви кун тартибига қўйилган, дея маълум қилди Италия атроф муҳит ва энергетика хавфсизлиги вазири Жилберто Пикетто-Фратин.
– Бу масала ҳам техник, ҳам сиёсий кун тартибида турибди, – деган у ОАВ вакилларига. – Кечгача кутайлик-чи, натижа қандай бўларкан? Биз ушбу масала устида ишлаяпмиз, агар якуний қарор қабул қилинганда, сизларга айтган бўлардим.
Сўнгги пайт Европанинг айрим давлатлари Россия гази импортини тўхтатмоқчи бўляпти. Масалан, яқинда Бельгия энергетика вазири Тинне ван дер Стратен Россия бюджетига даромад келтирмаслик учун мамлакат суюлтирилган газ реэкспортини босқичма-босқич тақиқлаш тарафдори эканини айтди. Аввалроқ РФ суюлтирилган табиий гази Европага етказиб берилишига чеклов қўйиш эҳтимоли тўғрисида Германия ва Швеция ҳам маълум қилган эди. Бундай чора Евроиттифоқ томонидан Россияга қарши тайёрланаётган санкциянинг 14-тўплами доирасида ҳам кўриб чиқиляпти.