Пойтахтимизда миллий спортимиз кураш бўйича 18 та давлатнинг 45 нафардан зиёд мутахассислари иштирокида халқаро мураббийлик семинар машғулотлари ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йили имзоланган “Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, кураш бўйича профессионал тренерлар, ҳакамлар ва инструкторларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш мақсадида тизимли равишда халқаро семинарлар ташкил этиш устувор вазифалардан бири саналади.

Бундан тўрт ой муқаддам Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ва Халқаро кураш институти ҳамкорлигида миллий қадриятимиз бўлган курашнинг жаҳондаги ривожини таъминлаш йўлида Бразилия, Конго, Камерун, Буюк Британия, АҚШ, Эрон, Ҳиндистон, Индонезия, Россия, Швейцария, Гаити, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғистон кураш мутахассислари иштирокида 3 ойлик онлайн курслар ўтказилган эди.

Айни кунларда Тошкентдаги “Сағбон” кураш мажмуасида ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида ташкил этилаётган машғулотлар айни ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлди.

Куни кеча Спорт вазирлигида ўтказилган матбуот анжуманида миллий спортимизнинг халқаро ривожи, уни Олимпия ўйинлари тизимига киритиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилиб, AIMS, SportAccord, WADA ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани таъкидланди.

Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов, Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси раиси, ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа, Ўзбекистон кураш федерацияси раиси маслаҳатчиси Сардор Каримов ва бошқа мутасаддилар иштирок этган анжуманда кураш мураббийлари учун ўтказилаётган семинар иштирокчилари тегишли даражадаги сертификатларга эга бўлиши билдирилди.

Шунингдек, 2024 йил давомида турли давлатларда 48 та кураш тадбирлари ўтказилиши режалаштирилгани, шундан 15 та чемпионат ва турнирлар, 16 та мураббийлик ва ҳакамлик семинарлари, 3 та комплекс ўйинларда кураш мусобақалари ўтказилиши белгилангани айтиб ўтилди.

Жорий йилнинг илк ойларида Европада Италия кураш академияси ўз фаолиятини бошлагани, Таиланд, Коста-Рика, Тожикистон, Қозоғистон, Афғонистон, Туркия, Россия, Туркманистон, Таиланд каби давлатларда ички чемпионатлар бўлиб ўтгани кураш бошқа мамлакатларда ҳам ўз ўрнини топиб бораётганидан далолат.

Ота-боболаримиздан мерос курашнинг спорт турига айланиши, “кичик олимпиада” мақомидаги Осиё ўйинлари дастурига киритилиши, дунёнинг 139 тага яқин давлатида кураш федерацияларининг ташкил этилиши, мусобақа ва чемпионатлар ўтказилиши давлатимизнинг миллий спортимизга кўрсатаётган алоҳида эътибори туфайли экани анжуман иштирокчилари томонидан эътироф этилди.

Эслатиб ўтамиз, кураш бўйича халқаро мураббийлик семинар машғулотларининг биринчи босқичи 22-26 апрель кунлари ташкил этилган бўлса, куни кеча бошланган иккинчи босқич машғулотлари 4 майга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА