Ўзбекистон Республикаси Президенти “Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, 2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат этилади.

Лотерея, интернет тармоғида ўйинлар ва букмекерликни ташкил этиш Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан бериладиган лицензиялар асосида амалга оширилади.

Истиқболли лойиҳалар миллий аентлиги лотерея ҳамда интернет тармоғида ўйинларни ташкил этиш фаолиятини ва букмекерлик фаолиятини тартибга солиш ва лицензиялаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Қарорга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда хайрия жамғармалари ва ташкилотлари фақат тузиладиган шартномаларга асосан лотерея ташкилотчилари орқали лотереялар ўтказишга ҳақли.

Лицензиялар асосида ташкиллаштирилган лотерея, интернет тармоғидаги ўйинлар ва букмекерлик гаровларида фақат 18 ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси резиденти ва норезидентлари қатнашиши мумкин.

Лотерея ва интернет тармоғида ўйинлар, букмекерлик фаолияти ташкилотчиларининг жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этишини мониторинг ва назорат қилиш функциялари Агентлик ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.

ЎзА