Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси ўз ишини бошлади. Унда бир қатор қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш кўзда тутилган.

Мажлис аввалида Қонунчилик палатаси спикери Н.Исмоилов янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси умумхалқ референдуми асосида қабул қилинганини эътироф этиб, унинг янгиланган мазмун-моҳиятига тўхталди.

Қайд этилганидек, янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилинди. Унда ижтимоий давлат принципларига оид нормалар мустаҳкамланиб, сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи тизимини яратиш, ишсизликдан ҳимояланиш, уй-жойга эга бўлишга қаратилган қоидалар янада такомиллаштирилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ янги қоидалар белгилаб қўйилди.

Шунингдек, Спикер болалар меҳнатига барҳам берилгани, сўз эркинлиги таъминлангани, фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш, муҳим масалаларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш орқали қабул қилиш, экология, суд фаолиятига оид янгиликлар акс этганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Н.Исмоилов янги таҳрирдаги Бош қомусимиз парламент фаолиятига оид муҳим ўзгаришларни ўзида акс эттирганига тўхталди.

 

Муҳтарама Комилова,  

ЎзА