Европа Иттифоқига аъзо қатор давлатлар май ойи охиригача Фаластин давлатини тан олиши мумкин, дея баёнот берди тузилма ташқи ишлар идораси раҳбари Жозеп Боррель Ар-Риёдда Жаҳон иқтисодий анжумани доирасида бўлиб ўтган махсус мажлисда.
“Ал-Арабия” телеканали ахборотида айни пайт Фаластинни ЕИ таркибидаги 9 мамлакат тан олгани эслатилган. Болгария, Кипр, Чехия, Венгрия, Мальта, Польша, Руминия ва Словакия Фаластинни 1988 йил эътироф этган, Швеция эса шу мазмундаги қарорини 2014 йил эълон қилган.
Жорий йил март ойида Испания, Ирландия, Мальта ва Словения Фаластин давлатини тан олиш устида биргаликда иш олиб боришини эълон қилди. Испания Бош вазири Педро Санчес аввалроқ Мадрид Фаластин давлатини июлгача тан олиши кутилаётганини айтган.
Ҳудудий манфаат билан боғлиқ Фаластин – Исроил можароси бир неча ўн йилдан буён минтақада кескинлик ва қуролли тўқнашув манбаи бўлиб қолмоқда. 1947 йил БМТ қарори билан Исроил ва Фаластин давлатини ташкил этиш белгиланган, бироқ ҳозирча фақат Исроил давлати ташкил этилган.