Украина ва АҚШ ўртасида хавфсизлик кафолатини таъминлаш мақсадини кўзлаган музокаранинг учинчи давраси ўтказилди. Мамлакат Президенти офиси шу ҳақда маълум қилди. 23 апрель куни Владимир Зеленский айни масалада битим тузиш устида иш бошлангани ҳақида баёнот берганди.
– Идора раҳбари Андрей Ермак АҚШ билан хавфсизлик бўйича икки томонлама битим имзолашга тайёргарлик юзасидан музокаранинг учинчи даврасини ўтказди, – дейилган муассаса сайтида эълон қилинган хабарда. – Томонлар битим лойиҳасини бандма-банд муҳокама қилди, ҳужжатнинг асосий қисми бўйича ҳамда келгуси ҳаракатлар белгилаб олиниб, сезиларли силжишга эришилди.
Ермак умид билдиришича, мазкур келишув Киевнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликка мустаҳкам асосдир. Вильнюсда ўтган НАТО саммитида “Катта еттилик” Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисида декларация қабул қилинган, бироқ ҳужжатда хавфсизлик бўйича юқорида қайд этилган мажбурият амалга оширилиши муддати аниқ айтилмаганди.
Киев “Хавфсизлик кафолати” НАТОнинг шу йил ўтадиган Вашингтон саммитигача фаолият бошлашига умид қилмоқда.