Хорижлик мутахассислар селфи усулда расмга тушаётганларга V – тинчлик белгисини иложи борича ишлатмасликни маслаҳат бермоқда. Зеро, фирибгарлар суратдаги бармоқдан нусха из олишлари мумкин экан.

Тинчликни ифодалаш учун кенг қўлланадиган мазкур белги кўпинча суратга тушаётганда ишлатилади. Кўпчилик маъносини тушунмасдан шу ҳолатда расмга тушади.

Буюк Британия собиқ Бош вазири Уинстон Черчилл Иккинчи жаҳон урушида ғалабани англатиш мақсадида “V” белгисидан фойдалангани билан машҳур.

IT экспертлари фикрича, фирибгарлар тасвирдан бармоқ изининг юқори сифатли нусхасини олиш учун фойдаланиши мумкин. Шу тариқа улар пул ёки шахсий маълумотни ўғирлаш учун телефон ва аккаунтни бузиб киришади.

Ушбу даъво қанчалик асосли?

Сиртдан қараганда техник жиҳатдан мумкиндек туюлган айни ҳаракатни амалга ошириш имкони жуда кам.

Саутгемптон университети рақамли суд-тиббий экспертиза профессори Сара Моррис фикрича, хакер назарий жиҳатдан онлайн жойлаштирилган селфидан бармоқ изи нусхасини олиши мумкин, фақат ўта тиниқ кадрдан.

– Гап ракурсни тўғри ёритиш, камерани қулай йўналтириш, пиксель сони, бармоқнинг тўғри бурчаги ва камерага яқинлигида, – дейди у “The Cube” нашрига берган интервьюсида. – Аксар телефонлар камерасида зарур пиксель сонига эришиш жуда қийин.

Лозанна университети рақамли суд-тиббиёт фанлари ва тергов доценти Франк Брайтингер ҳам худди шундай хулосага келди.

– Сифатли суратдан нозик маълумот олиш мумкин, аммо бу ахборотни қайта ишлатиш қийин масала, – дейди у.

Брайтингер таъкидлашича, кўплаб ижтимоий медиа платформалари орқали интернетга кириш пайти фото ва видео сифати пасаяди. Айнан шу ҳолат маълумот ўғирланиши олдини олишда ёрдам берадиган қўшимча қалқон вазифасини бажаради.

Эҳтимолий хакернинг ускунаси ва технологияси қай даражада кучлилиги муҳим эмас. Агар манба маълумоти етарли бўлмаса, алгоритм бармоқ изи аниқ нусхасини тиклаш учун керакли ахборотни тўплай олмайди. Ҳатто, фирибгар учун шароит мукаммал бўлган вазиятда ҳам фото суратдан биометрик маълумот олишга қодир “супер куч”га эга бўлиш даргумон. Ҳар ҳолда, ҳозирча…

Эҳтимол, хакер AIга асосланган технологиядан фойдаланган ҳолда дастурий таъминотга эга платформадан фойдаланиши мумкин. Бармоқ изи ҳақидаги маълумотни олиш учун алгоритмдан фойдаланилади, кейин ахборот ишлатиш мумкин бўлган биометрик маълумотга айлантирилади.

– Ўйлашимча, бу оддий дастур эмас, – дейди Моррис. – Акс ҳолда қўлга олиш қийин ва ҳозир буюртмабоп бўларди.

Нима бўлганда ҳам, онлайн контент жойлаштиришда, айниқса, тез ривожланаётган AI ландшафти билан боғлиқ хавфни ёдда тутиш лозим.

Ижтимоий тармоққа шахсий сурат жойланаётганда эҳтиёт чорасини кўриб қўйиш зарар қилмайди. Масалан, фотода бармоқ учини аниқ кўрсатмаслик ёки маълумотни хиралаштириш учун фильтрдан фойдаланиш мумкин.

Моррис таъкидлашича, бу айни дам муҳим эмас, чунки биометрик маълумотни олиш технологияси ҳозирча анча мураккаб.

– Фараз қилайлик, бармоқ изим билан ҳимояланган телефонимни бузиб киришни хоҳлайсиз ва бунинг учун сизга телефоним керак, – дейди Брайтингер. – Мабодо, ўша хакерда менинг бармоқ изим бўлса ҳам, бу шунчаки расмни олиб, банкка топшириш, дегани эмас. Ҳали қилиниши керак бўлган иш кўп.

Кибер хавфсизлик бўйича мутахассислар расмингизда баҳам кўришингиз мумкин бўлган фон ва маълумотга эътибор беришни маслаҳат беришади.

Моррис таъкидлашича, фирибгар фотосуратга қараб, киши қаердалиги, нима қилаётганини тасвирланган китоб ёки плакат ёрдамида аниқлаши мумкин. Яъни, очиқ фон хакер учун маълумотга киришнинг анча осон ва кенг тарқалган усули ҳисобланади.

– Хакер, шунингдек, ҳисобга кириш ва паролни тахмин қилиш учун ҳар хил илова орқали сизга ёқадиган нарсалар ҳақида маслаҳат ҳам беради, – дейди у.

Брайтингер фикрича, бармоқ изи ҳақида қайғуришдан кўра, кўзларингиз яқин олинган суратни баҳам кўриш, овоз ёки юзни аниқлаш дастуридан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш муҳимроқ.

– Бармоқ изи ҳамон мен энг кўп ишонадиган биометрик хусусиятлардан бири, – дейди у. – Авваллари бармоғим изини ўғирлашларидан кўра, кимдир овозимдан фойдаланиб иш қилишидан кўпроқ ташвишланардим.

Рақамли суд-тиббиёт фанлари ва тергов доценти Франк Брайтингер одамларга сифатли расмни интернетда баҳам кўрмаслик, шунингдек ҳисоб манбаси ва қимматли маълумотни ҳимоя қилиш учун ҳар доим икки факторли аутентификациядан фойдаланишни тавсия қилади.

Ўткир Мирзо тайёрлади.

ЎзА