Париж-2024” Олимпия ўйинлари яқинлашгани сайин унинг теграсидаги гап-сўзлар, саралаш ва рейтинг турнирларидаги шиддатли курашлар тобора авж пардага кўтарилмоқда.
Ўзбекистон бокс федерацияси хабарига кўра, юртимиз боксчиларидан яна бири ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқига эга чиқди.
Хитой шаҳрида ўтказилган «Ханчжоу-2022» Осиё ўйинларида -57 килограмм вазн тоифасида ватанимиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилган ҳолда кучли бешликдан ўрин олган боксчи қизимиз Ситора Турдибекова ҳам “Париж-2024” Олимпиадасида иштирок этадиган бўлди.
Ушбу вазнда Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритган ҳиндистонлик Парвеен Ҳоо бокс бўйича барча халқаро турнирлардан, расмий мусобақалардан четлаштирилди. Шу сабаб Олимпия ўйинлари чиптаси Турдибековага насиб этди.
Эслатиб ўтамиз, Турдибекова Осиё ўйинлари ярим финалида айнан ҳиндистонлик Парвеен Ҳоога имкониятни бой берганди.
Франция пойтахтида ўтадиган тўрт йиллик ўйинларга мамлакатимиз спортчиларининг бугунгача қўлга киритган йўлланмалари сони 42 тани ташкил этмоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА