У билан биргаликда Эрон ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳматий ва оятуллоҳнинг Шарқий Озарбайжон вилоятидаги вакили Имом оятуллоҳ Али Ҳошим ҳам ҳалок бўлишган.

Эрон Президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокат қурбони бўлди. Раисий ва юқори мартабали мулозимлар учган вертолёт 19 май куни мамлакат шимоли-ғарбида, Шарқий Озарбайжон вилояти ҳудудида ҳалокатга учраган. «Mehr» агентлиги хабарига кўра, ҳалокат оқибатида бошқа йўловчилар ҳам, жумладан, Эрон ТИВ раҳбари Ҳусайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбайжон вилояти губернатори Малик Раҳматий, оятуллоҳнинг ҳудуддаги вакили Муҳаммад Али Ал-Ҳошим ҳалок бўлишган.

Ҳалокатга учраган бортда шунингдек Президент қўриқчилари бошлиғи Сайид Меҳди Мусавий, икки учувчи ҳамда техник зобит бўлишган.

Раисий учган вертолёт Озарбайжон билан чегара яқинидаги тоғли ҳудудда қулаб тушган. 20 май тонгида Америкада ишлаб чиқарилган “Bell 212” вертолёти қолдиқлари ноқулай об-ҳаво шароитида ўтказилган тунги қидирув ишларидан кейин топилган. Эрон давлат телевидениесида маълум қилинишича, вертолёт тоғдаги қояга бориб урилган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пирҳусайн Коливанд давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида қутқарувчилар ҳалокат жойига етиб боришганида “вертолёт йўловчиларидан бирортаси омон қолгани белгилари йўқлиги”ни айтганди. Қидирув ҳудудида 73 та қутқарув отряди ҳаракатланган.

Авиаҳалокатдан кейин айрим мамлакатлар хавотир билдирди ва ўз ёрдамини таклиф этди. Оқ уйдагилар Президент Жо Байден ҳалокат ҳақида хабардор қилинганини маълум қилди. Хитой чуқур ташвишда эканини билдирган. Инқирозларни бошқариш бўйича еврокомиссар Янез Ленарчич ҳалокатдан кейин Евроиттифоқ ўзининг «Copernicus» сунъий йўлдош тизимидан Эрон Президенти вертолётини топишда фойдаланишини маълум қилди. РФ Президенти Владимир Путин ва юқори мартабали россиялик ҳарбийлар ҳамда амалдорлар Эроннинг Москвадаги элчиси Козим Жалолий билан учрашув ўтказди. Элчи Эроннинг IRNA агентлигига айтишича, Путин барча зарур ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. Вертолёт ҳалокатга учраган ҳудудга Россия ФВВнинг икки самолёти қутқарувчилар билан бирга юборилган.

63 ёшли Раисий 2021 йилда Эрон Президенти бўлганди. Бу лавозимга сайлангач, у ахлоқ қонунларини қатъийлаштиришни талаб қилган, ҳукуматга қарши намойишларни бостиришга раҳбарлик қилган ва жаҳондаги қудратли давлатлар билан ядровий музокараларда фаол иштирок этган. Эроннинг олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманеий вертолёт ҳалокатидан кейинги чиқишида давлат бошқарувида “узилишлар бўлмаслиги”ни маълум қилган.

Раисийнинг ўлимидан кейин мамлакат вице-президенти Муҳаммад Мухбир вақтинча Эрон президентига айланади. 68 ёшли Мухбир Раисий 2021 йилда президентликка сайланганида, вице-президент бўлганди. У ҳам Али Хоманеийнинг яқин кишиларидан саналади. «Reuters” манбаси хабарига кўра, Мухбир 2023 йил октябрида Москвага ташриф буюрган ва россиялик ҳарбийларга ракеталар ва дронлар етказиб бериш бўйича келишувга эришган Эрон делегацияси таркибида бўлган.

Мухбир вақтинча президент сифатида парламент спикери ҳамда Эрон суд тизими раҳбари билан биргаликда Раисийнинг вафотидан кейин 50 кун ичида ўтказиладиган янги сайловларни ташкиллаштирувчи кенгаш аъзоси бўлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон шимолида юз берган фожиа оқибатида Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий ва унга ҳамроҳлик қилган шахсларнинг вафот этгани муносабати билан ушбу мамлакат Олий диний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманеийга ҳамдардлик билдирди.

Давлатимиз раҳбари дўст Эрон халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этди.