Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўтказилаётган дзюдо бўйича “Мастерс” мусобақасининг иккинчи кунида ҳамюртимиз Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг.) бронза медалини қўлга киритди.

Канадалик Энтони Бушарга қарши баҳсда ҳамюртимиз вазари баҳоси билан устун келди ва дзюдо бўйича терма жамоамизнинг мавсумдаги илк медалини тақдим қилди. Таъкидлаш жоиз, бу Ҳикматиллоҳ учун “Мастерс” мусобақаларидаги илк медалдир. Сурхондарёлик полвонимиз шу билан бирга Токио Олимпиадаси рейтинги учун 900 очкони ҳам ўз ҳисобига қўшиб қўймоқда.

Умуман, кеча мусобақада иштирок этган вакилларимиз қуйидаги рейтинг очколарига эга бўлди:

-73 кг: Ҳикматиллоҳ Тўраев – 900

-81 кг: Шарофиддин Болтабоев – 468

-81 кг: Камолиддин Расулов – 200

-70 кг: Гулноза Матниязова – 200.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар беришича бугун “Мастерс” мусобақаси ўз якунига етади. Яъни бугун оғир вазнли полвонлар медаллар учун кураш олиб боради.

Баҳслар давомида 2020 йил мамлакатимизнинг энг яхши спортчиси номини қўлга киритган Давлат Бобонов (-90 кг), Муҳаммадкарим Хуррамов (-100 кг) ҳамда Бекмурод Олтибоевнинг (+100 кг) иштирокига гувоҳ бўламиз.

Вакилларимиз мусобақани қуйидаги рақибларига қарши бошлашади:

-90 кг: Давлат Бобонов – Ҳатам Абдулқаҳҳор (Миср)

-100 кг: Муҳаммадкарим Хуррамов – Кайхан Ўзчичек-Такаги (Австралия)

+100 кг: Бекмурод Олтибоев – Левани Матиашвили (Грузия).

 

ЎзА