МУНОСАБАТ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида ўтган 2020 йилда амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши режалаштирилган вазифалар қамраб олинган.

Айниқса, юртимизда ўтган 4 йил давомида олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар, бу йўналишда 40 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларнинг қабул қилинганлиги қайд этилди. Инсон ҳуқуқларини ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар янада давом эттирилади.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига асосан қонунчилигимизга киритилаётган ўзгаришлар, яъни янги йилдан бошлаб «бир суд – бир инстанция» тамойилининг жорий этилиши суд қарорларининг адолатли, қонунийлиги ва барқарорлигини таъминлашга бош мезон бўлди. Унга кўра, бир бирини такрорловчи суд босқичлари қисқартилиб, назорат инстацияси институти бекор қилиниб, ишларнинг апелляция инстанциясида вилоят ва унга тенглаштирилган судларда кўрилади. Ундан норози бўлган томонлар ёки ишда иштирок этувчи шахсларнинг шикоятига асосан иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида кассация инстанциясида кўрилиши жорий қилинади. Натижада, суд қарорларининг барқарорлиги таъминланиб, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончи янада ошади.

2021 йилдан бошлаб, юқорида кўрсатиб ўтилган фармонга мувофиқ қонунларимизга киритилган ўзгартиришларга кўра, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари, жиноят ишлари бўйича ва  иқтисодий  судларнинг қатъий ихтисослигини сақлаган ҳола  ягона – умумюрисдикция судларига бириктирилиши, фуқароларга ва тадбиркорларга янада қулайлик яратилади.

Жорий йилдаги муҳим янгиликлардан бири –  бу Ўзбекистон Республикаси Олий судида  инвестициявий суднинг очилишидир. Бу эса юртимиз иқтисодиётига салмоқли ҳисса қўшаётган йирик инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳимояланишининг кафолатидир. Киритилаётган ўзгаришларга кўра, инвесторлар ҳоҳишига кўра, бевосита биринчи инстанция суди сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиши мумкин.

Мурожаатномадаги ташаббуслар юртимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ва улар натижасида қабул қилинган қонунлар мамлакатимизда адолат барқарорлиги ва қонун устуворлигини таъминлашда, фуқароларнинг ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда, одил судловга эришиш даражасини янада юксалтиришга, адолатли ва қонуний суд қарорларининг қабул қилинишида муҳим аҳамият касб этади.

 

Р.ХУДАЙБЕРГАНОВА,

Қорақалпоғистон Республикаси

маъмурий суди судьяси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги