Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати-Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси, «Kanteks Invest» масъулияти чекланган жамияти ижрочи директори Қуандиқ Ешмуратов томонидан кам таъминланган оилага турар жой қуриб берилди.

Қонликўл тумани «Жана қала» овул фуқаролар йиғинида 4 минг 95 нафар аҳоли истиқомат қилиб келмоқда. Фуқаро Хабибулла Қалмуратов ҳам ушбу ҳудудда неча йиллардан буён авария ҳолатидаги уйда яшаб келади.  Турмуш ўртоғи Гулбаҳор Хожанова билан   кўп қийинчиликларни бошидан  кечирган. Иккаласи ҳам ишсиз, 2 гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар.

Икки нафар қизи эса вафот этган. Ҳозирги кунда битта қизи билан учаласи эски таъмирталаб уйда  яшаб келмоқда. Ўзларининг  эса уйини   таъмирлашга моддий шароити йўқ.  Шу боис тумандаги тегишли ташкилотларга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Аммо натижа бўлмагач, ушбу ҳудуддан сайланган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Қуандиқ Ешмуратовга мурожаат этди.

Депутат фуқаронинг уйига бориб, уларнинг яшаш тарзини кўздан кечириб, ёрдам қўлини чўзди. Тумандаги  «Kanteks Invest» масъулияти чекланган жамияти билан ҳамкорликда  Хабибулла  аканинг  уйини  бузиб,  ўрнига намунали уйларнинг лойиҳаси асосида тўрт хонали уйни тиклаб берди.

Хонадон  эгаларининг, айниқса ҳаётда кўп қийинчиликларни кўрган Гулбаҳор опа қувончида чек йўқ.

–Мурожаатимиз эътиборсиз қолмай,  қисқа фурсат ичида янгидан турар жой  қуриб берди, –дейди Гулбаҳор Хожанова.– Барча шароитлар яратилган,  табиий газ, электр энергияси ва ичимлик суви билан таъминланган. Бундай хайрли ишни амалга оширган депутатга ўз миннатдорчилигимизни  билдирамиз.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  ЎзА