Хабар берганимиздек, шу кунларда Ўмон давлатининг Маскат шаҳрида Осиё Олимпия Кенгаши(ООК)нинг навбатдаги Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Осиё қитъасида Олимпия ҳаракатининг яқин ва истиқболдаги келажаги, режалари белгилаб олинаётган мазкур тадбир ўзбек спорти тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади, десак муболаға бўлмайди.

Кеча ҳамюртимиз Отабек Умаров ООКнинг вице-президенти этиб сайланган эди. Бугун эса ҳамюртимиз Бош Ассамблеяда расман ООКнинг раҳбарияти қаторидан жой олди.

Кун тартибидан ўрин олган биз учун муҳим масалалардан бири – бу 2025 йилги ёшлар ўртасида IV Осиё ўйинлари мезбони ва ООК ўртасида шартнома имзоланиши эди.

Ассамблеяда Тошкент шаҳрининг 2025 йилда бўладиган IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши расман тасдиқланди. Шундан сўнг Ўзбекистон ҳамда ООК ўртасида мусобақанинг ўтказилиши борасида шартнома имзоланди.

Тадбирда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, МОҚ Бош котиби, «Тошкент-2025» IV ёшлар Осиё ўйинлари дирекцияси директори Ойбек Касимов ҳамда Қўмитанинг раис ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари қатнашди.

Шунингдек, бугунги Ассамблеяда 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбони ҳам аниқланди. Ушбу нуфузли мусобақа мезбонлиги учун Қатарнинг Доха ҳамда Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳарлари кураш олиб боришаётган эди. Ҳал қилувчи овоз бериш жараёнида қатарликлар ғолиб чиқишди ва 2030 йилги қитъамизнинг энг нуфузли спорт мусобақаси мезбонлигини қўлга киритди. Ўз навбатида Ар-Риёд 2034 йилги Осиё ўйинларини қабул қиладиган бўлди.

Тошкентнинг 2025 йилги ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши юзасидан тузилган шартномага ООК президенти Шайх Аҳмад Аҳ Фаҳад Ал Сабах, ООК вице-президенти Отабек Умаров, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакили Иззатбек Жўраев имзо чекишди.

Тошкент-2025 ёшлар ўртасидаги IV Осиё ўйинлари Янги Ўзбекистоннинг қай даражада ривож топаётганини жаҳон ҳамжамиятига кўрсатиш учун қулай имкониятдир. Ушбу мусобақа давомида юртимизга 5000 нафардан зиёд меҳмон келиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида зиммамизга улкан масъулият юклайди. Президетимизнинг юксак эътибори, Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан мазкур йирик комплекс мусобақа юртимизда юқори савияда ташкил этилишига ишонамиз.

ЎзА