Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 25 июлдаги  “Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника, адабиёт, санъат ва меъморчилик соҳасидаги давлат мукофотларини таъсис этиш тўғрисида” ги фармонига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 ноябрдаги  “Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Фан ва техника соҳасида Давлат мукофотига қуйидаги ишлар бўйича ҳужжатлар қабул қилинади:

  – республика фанини ривожлантиришга улкан ҳисса бўлиб қўшилган ва халқаро миқёсда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлар, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ривожланишига кучли таъсир қилган кашфиёт, ихтиро ва илмий ишланмалар, жаҳон миқёсидаги энг илғор стандартларга мос бўлган ва амалиётга катта самара билан жорий этилган янги техника ва технологиялар (биринчи даражали мукофот учун);

– республика фанининг муайян тармоқларини ривожлантиришга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилган ва хорижий мамлакатларда эътироф этилган фундаментал тадқиқотлар, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, илмий-техник ва маънавий-маърифий ривожланишига сезиларли  таъсир кўрсатган ихтиролар, илмий ишланмалар, таълим муассасалари учун дарсликлар, илғор стандартларга мос бўлган ва ишлаб чиқаришга самарали жорий қилинган янги  технологиялар (иккинчи даражали мукофот учун).

Танловда иштирок этиш шартлари:

Давлат мукофоти шахсий характерга эга ва қоидага кўра битта шахсга берилади.

Давлат мукофотига тавсия этилган ишда бир неча шахснинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган тақдирдагина Давлат мукофоти муаллифлар жамоасига берилиши мумкин. Муаллифлар жамоаси беш кишидан ошмаслиги керак.

Бир неча шахслар томонидан бажарилган ишларни мукофотга тақдим этишда даъвогарлар жамоасига  фақат ишни бажаришда бевосита ижодий иштироки энг юксак даражада ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган асосий муаллифларгина киритилади. Муаллифлар жамоаси таркибига маслаҳатчилик, маъмурий ва ташкилий ишларни бажарган   шахсларни киритишга йўл қўйилмайди.

Муаллифлар жамоаси таркибига вафот этган, лекин ишни бажарилишида қўшган ҳиссаси аҳамиятга эга бўлган шахслар ҳам киритилиши мумкин.

Давлат мукофотига ҳукуматнинг бошқа мукофоти билан илгари тақдирланган муаллифлар ҳам истисно тариқасида тавсия этилиши мумкин.

Давлат мукофотига кўрсатилаётган илмий тадқиқотлар матбуотда эълон қилинган, техника ва технологиялар бўйича бажарилган  ишлар ишлаб чиқаришга жорий этилган  бўлиши керак.

Танловга қуйидаги ишлар қўйилмайди:

улар бўйича фан ва техника соҳасида олдин Давлат мукофоти берилган ишлар;

аввал кўриб чиқилган, бироқ Давлат мукофотига тавсия этилмаган ишлар.

Танловда иштирок этиш учун ҳужжатлар ташкилотлар томонидан бериладиган Давлат мукофотига номзодлар бўйича тавсияномага асосан қабул қилинади.

Тавсиянома тегишли ташкилотнинг расмий бланкасида ташкилот раҳбари томонидан имзоланган ҳолда тақдим этилади. Раҳбарнинг ўзи мукофотга даъвогарлар таркибига кирган ҳолатдагина хатни раҳбарнинг ўринбосари имзолайди.

Тавсияномада қуйидагилар кўрсатилиши зарур:

– муаллиф (муаллифлар жамоаси учун – ҳар бир муаллиф)нинг фамилияси, исми ва отасининг исми (паспорт бўйича), туғилган йили ва жойи, яшаш манзили, ишлаш жойи ёки фаолият тури, илмий даражаси ва унвони (муаллифларнинг фамилиялари алифбо тартибида кўрсатилади);

–  ишнинг номи;

– ишнинг тақдим этилишини асословчи натижалар, техник-иқтисодий кўрсаткичлар ва маънавий-маърифий аҳамияти, амалга оширилиш кўлами;

– унинг тугалланган, нашр қилинган ва ишлаб чиқаришга жорий этилган вақти.

Тавсияномага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ишни тақдим этиш ҳақида, унинг номи, мукофотга даъвогарларнинг  фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилган ҳолда муассаса илмий ёки илмий-техника кенгаши мажлисининг, вазирлик ҳайъатининг ва бошқа тегишли мажлислар баённомасидан кўчирма;

талабгор ҳақидаги маълумотнома (ёки ҳар бир талабгорга – агар тавсиянома муаллифлар гуруҳининг ишларига берилаётган бўлса);

талабгорга тавсифнома (ёки ҳар бир талабгорга – агар тавсиянома муаллифлар гуруҳининг ишларига берилаётган бўлса);

фуқаролик паспорти нусхаси (ёки ҳар бир талабгорга – агар тавсиянома муаллифлар гуруҳининг ишларига берилаётган бўлса);

асосий иш жойи бўйича кадрлар бўлими томонидан тасдиқланган талабгорнинг меҳнат дафтарчаси нусхаси (ёки ҳар бир талабгорга –агар тавсиянома муаллифлар гуруҳининг ишларига берилаётган бўлса);

олий маълумот, илмий даража ва унвон тўғрисидаги дипломлар нусхалари (ёки ҳар бир талабгорга – агар тавсиянома муаллифлар гуруҳининг ишларига берилаётган бўлса);

асосий иш жойи бўйича тасдиқланган илмий ишлар рўйхати (ёки ҳар бир талабгорга – агар тавсиянома муаллифлар гуруҳининг ишларига берилаётган бўлса);

олдин ижодий ишлар эътирофи сифатида берилган мукофот(лар) гувоҳномаси (гувоҳномалари)нинг нусхаси;

Давлат мукофотлари тўғрисидаги низомга мувофиқ республикада фан ва техникани ривожлантиришга қўшган хиссаси тўғрисидаги асоснома (ҳажми 10 саҳифадан ошмаслиги, муаллиф ёки муаллифлар томонидан имзоланиши керак) ҳамда бир саҳифалик аннотация (электрон варианти билан);

– илмий ишлар, монографиялар, дарсликларнинг нашрлари, машина ва механизмлар, янги материаллар, конструкциялар тавсифлари, ишлаб чиқаришга жорий этилган ишларнинг далолатномалари, ихтироларнинг  баёнлари, қўшимча чизма, схема, харита, фотоальбом ва макетлар, ҳажмли-фазовий ва бошқа шаклларда чоп этилган нусхалари (таълим муассасалари учун дарсликлар бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг хулосалари илова қилинади);

муаллифлар жамоаси томонидан бажарилган ишлар учун ҳар бир муаллифнинг ишга қўшган ижодий ҳиссаси аниқ кўрсатилган, ҳар бир муаллиф томонидан имзоланган ва тасдиқланган далолатнома;

ҳар бир муаллиф учун 4х6 см. ўлчамли рангли фотосурат ёпиштирилган ходимларни ҳисобга олиш варақаси ҳамда  маълумотнома-объективка ва тасифнома (электрон варианти билан);

Танловда иштирок этиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар уч нусхада тақдим этилади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар нусхаларининг ҳар бир йиғмаси алоҳида жилдга солинади. Чоп этилган илмий мақолалар, монографиялар бир нусхадан ҳам жилдга солинади. Жилд устига ишни тақдим этувчи муассаса номи, ишнинг номи ва муаллиф(лар) фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилади.

Танловда иштирок этиш ҳужжатлар Фанлар академияси томонидан қуйидаги манзил бўйича 2021 йилнинг 25 январигача қабул қилинади:

100047, Тошкент шаҳри,

Яҳё Ғуломов кўчаси, 70-уй, 317-хона.

Танловда иштирок этиш билан боғлиқ масалалар бўйича қўшимча ахборот олиш учун қуйидаги телефон рақамига мурожаатлар қабул қилинади – Тел.: 71 – 233-59-46.

         Ўзбекистон   Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши