Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ишчи гуруҳи тузилиб, кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди, уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
Ушбу тоифадаги оилалар рўйхати вилоятлар ҳокимликлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланиб, 2017-2018 йилларда аҳолининг ночор тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.
Наманган вилоятида ҳам мазкур дастур асосида кам таъминланган оилаларнинг бемор аъзолари, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимизни даволаш, дори-дармон билан таъминлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига кўра, Тўрақўрғон тумани бўйича ташкил этилган дастлабки тадбирда Қирғизқўрғон қишлоғининг Баҳор боғи маҳалласида истиқомат қилувчи Моҳира Тошпўлатовага вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида жарроҳлик амалиёти ўтказишга ёрдам кўрсатилди.
Қўшқайрағоч маҳалласида яшовчи Ўктамхон Эргашеванинг ўғлининг ток уриши натижасида куйган икки қўли бармоқлари кесиб ташланган. Бироқ, икки йилдан буён боланинг жароҳати тузалмаган. Унга Тошкентдаги клиникада даволаниш учун давлат ҳисобидан пул ўтказиб бериладиган бўлди.
– Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур ижтимоий тадбирда Наманган вилояти бўйича жами 72 нафар кам таъминланган ва малакали тиббий хизматга муҳтож юртдошимизга ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, клиникаларда даволаниши, дори-дармон билан таъминланиши учун давлат бюджетидан жами 288 миллион сўм маблағ ажратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси кенгашининг Наманган вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Аббос Мамадалиев. – Уларга даволовчи шифокор хулосаси, рецепти, поликлиника йўлланмаси асосида даволаниши ёки дори-дармон сотиб олиши учун тегишли тиббиёт муассасаси ёхуд дорихона ҳисоб рақамига шартнома асосида пул ўтказиб берилади. Ишчи гуруҳи томонидан аниқланган шундай беморларнинг 40 нафари республика миқёсидаги шифо масканларида даволаниш бўйича ўзаро шартнома тузган.
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида уй-жойга муҳтож, маиший шароити оғир, боқувчисини йўқотган ва ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича кўрсатилаётган амалий ёрдам халқимизга хос бағрикенглик, меҳр-мурувват ва саховатнинг амалдаги ифодасидир.