Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги парламентлараро дўстлик гуруҳининг онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.
Учрашувда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси раҳбари Алишер Қодиров эронлик ҳамкасбларини бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёни билан таништирди. Икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳамда Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида сўзлаб берди.
Эрон Ислом Республикаси Исломий Кенгаш Мажлиси депутати, парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Ғуломризо Нурий Қизилча ушбу мулоқотни ташкил қилишда ёрдам берган икки давлат элчиларига миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон – Эрон парламентлараро ҳамкорлигининг йўлга қўйилиши ўзаро алоқаларда эришилган келишувларни амалга оширишда парламент назорати имкониятларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамиятга эга бўлажагини қайд этди.
Таъкидланганидек, иқтисодий-ижтимоий ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни янада ривожлантиришдан икки давлат ҳам бирдек манфаатдор ва бунинг учун ҳали фойдаланилмаган кенг имкониятлар мавжуд.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда Эрон сармояси иштирокида ташкил этилган 272 та корхона фаолият кўрсатмоқда. 2020 йилнинг январь-август ойлари якунига кўра, икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 158 миллион АҚШ долларини ташкил қилди.
Учрашувда томонлар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва бунда парламентларнинг ролини ошириш юзасидан аниқ таклифларини билдирдилар.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА