Қорақалпоғистоннинг Бўзатов, Қораўзак ва Чимбой туманларида намат ишлаб чиқариш ва намат маҳсулотларини тайёрлаш бўйича бир кунлик тренинглар бўлиб ўтди. Иштирокчилар асосан аёллардан ташкил топди.

Намат босиш техникаси – ҳозирги кунда ўз ривожининг янги даврини бошидан кечираётган қадимий санъат ҳисобланади. Кўргазма ва ярмаркаларда қўлда маҳсулот тайёрловчи усталар тез-тез намат газмолларидан яратилган зийнат, кийим ва эсдалик буюмларини намойиш қилиб келмоқдалар.

“Наматни босиш милоддан аввалги учинчи минг йилликдаёқ бошланган. Бундай техникага кўп ҳаракат сарфланган ва намат қанчалик қалинликда тайёрланса, уни яратиш учун шунчалик кўп жун, куч ва ҳаракат талаб қилинган. Тайёр газламани бичишган ва оёқ кийим, ўтов, яроғлар, бош ёпинғичлари тикишган, – дейди намат маҳсулотларини тайёрлаш бўйича мутахассис Олтиной Наубетова.

Тренингни мақсади – Қорақалпоғистоннинг қишлоқ жойларида истиқомат қилувчи аёлларни янги ҳунарга ўргатиш, ҳамда уларга даромаднинг қўшимча манбаларини шакллантиришда янада кўмак беришдан иборат.

Тадбир БМТТД ва ЮНФПАнинг Япония ҳукумати кўмагида амалга оширилаётган “Оролбўйи минтақасидаги аҳолининг иқтисодий, экологик ҳамда соғлиқни сақлаш масалаларидаги заифликларини бартараф этиш орқали турмуш барқарорлигини мустаҳкамлаш” Қўшма дастури доирасида ташкил этилди.

Мазкур дастур гендер тенглик тамойилларини тарғиб қилади, ҳамда амалий механизмлар ва ёндашувлар йўли билан аёллар ва қизлар ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш бўйича лойиҳаларни амалга оширади.

Е.Қаноатов, ЎзА