Муҳтарам Шавкат Миромонович!
Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф давомида менга ва Қирғизистон делегациясига кўрсатилган эҳтиром ва меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.
Менинг ташрифим жорий йилда мамлакатларимиз ўртасида янада мустаҳкамланган олий даражадаги ишончли мулоқотнинг мантиқий давоми бўлди.
Ўзаро англашув ва ишонч муҳитида ўтган музокаралардан ғоят мамнунман.
Қирғизистон билан Ўзбекистоннинг халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик алоқалари, яхши қўшничилик ва қардошлик муносабатларига асосланган стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш бўйича эришилган келишувлардан жуда ҳурсандман.
Йўловчи транспорти қатновини қайта тиклаш, транзит ташишларни таъминлаш ва транспорт йўлаклари очиш, шунингдек, экспорт-импорт алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган қўшма режаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши оддий фуқаролар турмуш фаровонлигини ошириш ҳамда ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шароитлар яратишига ишончим комил.
Ўйлайманки, Қирғизистон – Ўзбекистон давлат чегараларининг қолган қисмини делимитация қилиш ишлари ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаол суръатда давом этади.
Сизнинг дипломатияда янги анъаналарга асос солаётганингиз, давлатлараро аҳамиятга молик масалаларни ҳал қилишда ностандарт ва самарали ёндашувларни намоён қилаётганингиз таҳсинга сазовор. Сиз нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистон, балки бутун минтақа мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликка ижобий суръат бағишладингиз.
Қирғизистон Сизнинг Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам учрашувларини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусингизни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Биз бу ташаббусни амалга ошириш йўлида барча саъй-ҳаракатларимизни ишга соламиз.
Қадрли Шавкат Миромонович!
Ўртамизда дўстлик ва биродарлик муносабатлари қарор топганидан ғоят мамнунман.
Сизнинг ташриф давомида бир неча бор янграган «дардингизни ўз дардимиз, ғалабангизни ўз ғалабамиз сифатида қабул қиламиз», деган сўзларингиз қирғиз халқига эзгу муносабатингиз ифодаси бўлиб, қалбимдан чуқур жой олди.
Сизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, Ўзбекистон халқига тинчлик ва тараққиёт тилайман.