Покистон ташқи ишлар вазири билан мулоқот тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон – Покистон муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболи муҳокама қилинди.
Афғонистонни минтақавий иқтисодий жараёнларга жалб қилиш орқали мазкур мамлакатда тинчлик ва барқарорликка эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда ўзаро савдо ҳажмини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Ташқи ишлар маҳкамалари раҳбарлари халқаро ташкилотлар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқдилар.
Томонлар умумий кун тартибидаги бошқа масалалар бўйича ҳам фикр алмашдилар.

 

ЎзА