Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2024 йил 18 январь кунги “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акциясини ўтказиш тўғрисидаги буйруғи асосида Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани адлия бўлими ходимлари томонидан бир нечта маҳалла ва овул фуқаролар йиғинлари ҳудудларида хатлов ишлари амалга оширилди.
–Хатлов давомида фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, 24 та туғилганлик, 11 та никоҳ, 6 та никоҳдан ажралганлик ва 4 та ўлим тўғрисидаги далолатнома ёзувлари қайд қилинди, – дейди Беруний тумани адлия бўлими бошлиғи, II даражали юрист Салтанат Раимбекова. – Шу жумладан, фуқаро М.Б.нинг мурожаати ўрганиб чиқилди.
Маълум бўлишича, фуқаро К.Т. билан қонуний никоҳдан ўтиб, 2007 йилда оиласи билан Қозоғистон Республикаси Атирау шаҳрига ишлаш учун кетган. Ушбу йилларда 6 нафар фарзандни дунёга келтирган. Қозоғистонда ижарада турган уйида ёнғин келиб чиққанлиги сабабли, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари ёниб кетганлиги учун фарзандларини уй-шароитида дунёга келтиришга мажбур бўлган ва уларнинг туғилганлиги шу кунгача икки давлатда ҳам қайд қилинмаган.
Ҳужжати йўқлиги сабабли фуқаро М.Б. (2007-2017 йилларда) 11 йил давомида бегона давлатда қолишга мажбур бўлган. 2017 йилда унинг отаси тўсатдан вафот этгани сабабли болаларини олиб, Ватанига қайтиб келган. Шундан сўнг 7 йилдан ортиқ вақт болаларининг туғилганлигини қайд қилиш масаласида бир неча бор ташкилотларга мурожаат қилган, лекин натижа бўлмаган. Ҳозир болаларнинг каттаси 15 ёш, кичиги 7 ёшда бўлиб, тумандаги ўрта таълим мактабида ҳар хил синфларда таълим-тарбия олиб келмоқда. Лекин ҳужжати йўқлиги сабабли мактаб ўқувчиларининг электрон базасига уларнинг маълумотлари киритилмаган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 205-моддасида болаларнинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, болалар туғилган жойидан ёки ота-онасидан бири доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтган жойидан қатъий назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида бир ой ичида амалга оширилиши лозим, 206-моддасида боланинг туғилиши унинг туғилганлиги ҳақидаги тиббий маълумотнома, ота-онанинг оилавий ҳолати ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида қайд этилади, деб белгиланган.
Беруний тумани адлия бўлими томонидан фуқаро М.Б.нинг мурожаати тўлиқ ўрганиб чиқилиб, туғилганлик фактини белгилаш ҳақида фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига ариза берилган. Ушбу ариза суд томонидан болалар таҳсил олаётган умумий ўрта таълим мактабида сайёр тартибда ФҲДЁ, Васийлик ва ҳомийлик органи, маҳалла фаоллари, мактаб маъмурияти вакиллари иштирокида кўриб чиқилди. Суд мажлисида аниқланган ҳолатлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳамда иш бўйича тўпланган ҳужжатларга асосланиб, фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро суди томонидан қонуний ва адолатли қарор қабул қилинди. Адлия ва суд органи масъул ходимларининг амалий кўмаги натижасида битта оиланинг 6 нафар фарзанди туғилганлик ҳақида гувоҳнома олиш ҳуқуқига эга бўлди.
Беруний тумани ФҲДЁ бўлимида Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири ўринбосари М.Aбдижалиев оила аъзоларини қувончли воқеа билан қутлаб, уларга туғилганлик ҳақида гувоҳномаларни ва вазирлик томонидан қимматбаҳо совғаларни топширди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири