Кейинги йилларда мамлакатимизда аҳолига кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини ошириш борасида зарур чора-тадбирлар йўлга қўйилмоқда.

Давлатимиз раҳбари раислигида жорий йилнинг 20 февраль куни ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ижтимоий ҳимоянинг янги тизимини йўлга қўйишда бир қатор зарур вазифалар белгиланди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари томонидан ҳамкорлик лойиҳалари йўлга қўйилмоқда.

Хусусан, Дубай шаҳрида бўлиб ўтган «Дубай халқаро гуманитар ёрдам ва тараққиёт» номли конференцияда Агентлик масъул ходимларидан иборат делегация илк маротаба иштирок этди.

Тадбир доирасида гуманитар ёрдам маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

– Мазкур тадбир Яқин Шарқ минтақасида гуманитар ва ижтимоий соҳадаги янги ғоялар ва тажриба алмашинуви учун етакчи нодавлат нотижорат ташкилотлари, БМТ тузилмалари, ижтимоий соҳадаги халқаро ташкилотлар, халқаро, давлат ва хусусий жамғармалар, гуманитар ёрдам маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва уларга хизмат кўрсатувчи компанияларни бирлаштирувчи қулай платформа ҳисобланади, – деди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров.  – Кўргазмада ташкил этилган Ўзбекистон стендида «Made in Uzbekistan» бренди остида ишлаб чиқарилган гуманитар ёрдам маҳсулотлари ва ижтимоий соҳадаги лойиҳаларимиз халқаро ҳамжамият эътиборига намойиш этилди.

Тадбирда ўзаро музокаралар ҳам ўтказилиб, унда халқаро ташкилотлар билан ижтимоий ҳимояни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбир доирасида Мансурбек Оллоёров «DIHAD» Халқаро гуманитар ёрдам ва тараққиёт ташкилоти раиси Абдусалам Ал-Мадани билан учрашди.

Учрашув давомида томонлар ўзаро ижтимоий соҳа йўналишида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш хусусида фикр алмашди.

Ўзбекистонда «DIHAD» ташкилотининг ваколатхонасини очиш бўйича ташаббус илгари сурилди. Абдусалам Ал-Мадани 2025 йилнинг май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган «Ижтимоий ҳимоя: барқарор ривожланиш ва тенглик сари йўл» мавзусидаги Бутунжаҳон конференциясида фаол иштирок этиб, қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Музокаралар якунида ижтимоий соҳа ходимларининг малакасини ошириш ҳамда «DIHAD» гуманитар коллежида магистратурада ўқиш квоталарини кўпайтириш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

 

Н.Раҳмонова, ЎзА